Яқинда жамоатчилик орасида шов-шувга сабаб бўлган хабарлардан бири тасдиқланди — «Манчестер Юнайтед»нинг иқтидорли вингери Алехандро Гарначо энди Лондоннинг «Челси» клуби шарафини ҳимоя қилади.
Аргентиналик ёш футболчи ўз қарорини қандай қабул қилгани ҳақида мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, янги саҳифани очишдан аввал у мамлакатнинг бош юлдузи Лионел Месси билан маслаҳатлашган.
«Қарор қилишдан олдин Месси билан суҳбатлашдим. У менга “Челси”га ўтишни маслаҳат берди. Мен “Манчестер Юнайтед”да ўзимни тўлиқ қадрланган ҳис қилмадим. Шу боис янги имкониятлар ва янги муҳит излаб қароримни ўзгартирдим. Ҳозир эса Лондонда, янги жамоамдаман», — дея таъкидлади Гарначо DAZN телеканалига берган интервьюсида.
Таъкидлаш жоизки, 21 ёшли талантли вингер энди «аристократлар» сафида 49-рақамли формада ҳаракат қилади. Бу рақам унинг янги тарихида муҳим рамзга айланиши мумкин.
Муттахассислар фикрича, Гарначонинг «Челси»га қўшилиши клуб ҳужум чизиғини янада кучайтиради. Шунингдек, унинг Англия Премьер-лигасидаги тажрибаси ва юксак салоҳияти «аристократлар» учун катта қўшимча қиймат бўлади.
Шу билан бирга, кўплаб мухлислар Лионел Мессининг шахсан маслаҳати орқали қабул қилинган бу қарор Гарначо фаолиятининг янги босқичида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин, дея баҳолашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!