Жанубий Америкада Жаҳон чемпионати-2026 саралаш босқичи қизғин паллага кирди. 17-тур доирасида ўтказилган баҳсларда минтақанинг етакчи жамоалари ўз кучини намойиш этиб, мухлислар кутганидек йирик ҳисобда ғалаба қозонишди.
Аввало, Аргентина терма жамоаси яна бир бор ўз "класс"ини кўрсатди. Бош мураббий Лионель Скалони шогирдлари ўз майдонида Венесуэла билан куч синашиб, 3:0 ҳисобидаги ишончли натижани қайд этди. Беллашувда Лионель Месси икки бор (39 ва 80-дақиқаларда) рақиб дарвозасини ишғол этди. Шунингдек, Лаутаро Мартинес 76-дақиқада жамоаси ҳисобини янада ошириб, мухлисларни хурсанд қилди.
Аргентина – Венесуэла 3:0
Голлар: Месси 39, 80, Лаутаро Мартинес 76
Аргентина — Мартинес, Молина (Симеоне, 81), Ромеро, Отаменди, Таляфико, де Паул, Паредес (Паласиос, 74), Мастантуоно (Гонсалес, 63), Алмада (Пас, 81), Месси, Алварес (Мартинес, 74).
Венесуэла — Ромо, Арамбуру, Феррарерзи, Анхел, Макун, Наварро, Белло (Мурилло, 81), Ринкон, Кассерес, Саварино (Флорес, 67), Рондон (Ж.Мартинес, 56).
Уругвай ҳам ўз мухлислари олдида Перуга қарши жуда ишончли ўйин намойиш этди. Баҳсда Агирре (14-дақиқа), Жорже де Арраскаета (58-дақиқа) ва Виняс (80-дақиқа) киритган голлар ҳисобига 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба қайд этилди.
Уругвай – Перу 3:0
Голлар: Агирре 14, Арраскаета 58, Виняс 80
Колумбия терма жамоаси эса Боливия устидан устунлик қилди. Беллашувда жамоа етакчилари Родригес (31-дақиқа), Кордоба (74-дақиқа) ва Кинтеро (83-дақиқа) ўз номларини таблога ёздириб, 3:0 ҳисобидаги натижага эришишди. Бу ғалаба орқали колумбияликлар ҳам саралашда муҳим очколарни қўлга киритишди.
Колумбия – Боливия 3:0
Голлар: Родригес 31, Кордоба 74, Кинтеро 83
Парагвай ва Эквадор ўртасидаги беллашув эса интизор қилинган голларсиз ўтди. Рақобат кучли бўлишига қарамай, ҳар икки жамоа дарвозабонлари ишончли ҳаракат қилиб, ўйин 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Парагвай – Эквадор 0:0
Куннинг энг кўзга кўринган учрашувларидан бири Бразилия ва Чили ўртасида бўлди. “Селесао” бу сафар ҳам мухлисларини хурсанд қилди. Ёш ва шижоатли Эстевао 38-дақиқада ҳисобни очди. Кейинчалик Пакета (72-дақиқа) ва Гимараеш (78-дақиқа) рақиб дарвозасини ишғол этиб, 3:0 ҳисобини таъминлашди.
Шу тариқа, Жанубий Америкадаги етакчи терма жамоалар тур доирасида ўз имкониятларини ишончли тасдиқлаб, кейинги босқичларга янада кучли руҳда тайёргарлик кўришмоқда. Мухлислар эса навбатдаги учрашувларда ҳам шундай шиддатли ва голли баҳсларни кутишлари табиий.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!