CAFA Nations Cup-2025 мусобақасида қизғин паллага кирдик. Бугун, 5 сентябр куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғизистонга қарши ҳал қилувчи баҳсни ўтказади.
Бугун бўлиб ўтган беллашувда Ўмон жамоаси Туркманистонни сўнгги дақиқада киритилган гол орқали 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, жамғарилган 7 очко билан гуруҳда пешқадамликни қўлга киритди. Энди эса барча эътибор «оқ бўрилар»нинг иштирокидаги беллашувга қаратилмоқда.
Темур Кападзе бошчилигидаги терма жамоа Қирғизистон устидан икки тўп фарқи билан ғалаба қозонса, финалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Бироқ ҳатто минимал ҳисобдаги ғалаба ҳам миллий термага етарли бўлиши мумкин.
Чунки турнир регламентига кўра, аввало очколар сони, кейин эса ўзаро ўйин ва тўплар нисбатига қаралади. Агар бу кўрсаткичлар тенг келса, жамоалар интизомий кўрсаткичларига эътибор қаратилган ҳолда ғолиб аниқланади.
Мана шу жиҳатда Ўзбекистон жамоаси анча қулай ҳолатда турибди. Чунки рақиб Карлуш Кейруш бошқарувидаги жамоа уч турда 9та сариқ карточка олган, бош мураббийнинг ўзи эса икки ўйинда икки марта огоҳлантирилган — бу жами 11 балл дегани. Миллий жамоамиз эса фақат битта қизил ва битта сариқ карточка билан чекланган (умумий 4 балл). Шу боис, агар футболчиларимиз бугун 5 мартадан кўп огоҳлантирилмасалар, минимал ҳисобдаги ғалаба ҳам финалга йўл очади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг финал баҳси 8 сентябр куни ўтказилади. “В” гуруҳида эса Эрон финалга чиқишга муваффақ бўлди, Ҳиндистон эса 3-ўрин учун беллашувда иштирок этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!