Хабарингиз бор, Англиянинг Ливерпуль шаҳрида World Boxing ташаббуси остида илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли мусобақа доирасида навбатдаги қувончли хабар ҳамюртимиздан келди.
-57 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчимиз Хуморабону Мамажонова Черногория вакили Бояна Гойкович билан тўқнаш келди. Жангнинг дастлабки раундлариданоқ Мамажонова устунликни қўлга киритди. Биринчи раунддаёқ рақибини нокдаун ҳолатига тушириб, жанг сценарийини ўз қўлига олди.
Кўрсатилган ирода ва аниқ зарбалар натижасида учрашув якунида ҳакамлар бир овоздан ғалабани Мамажонова фойдасига қайд этишди. Шу тариқа, ҳамюртимиз катта устунлик билан кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Эслатиб ўтиш жоиз, чемпионат доирасида яна бир вакиламиз — Азиза Зокирова рингга чиқиши кутиляпти. Унинг навбатдаги рақиби Венгрия спортчиси Регина Лакос бўлади.
Ўзбекистон бокс мактаби вакилларининг бундай юксак натижалари мухлислар учун янги умид ва қувонч уйғотмоқда. Хуморабону Мамажонованинг ғалабаси эса кейинги босқичларда ҳам шиддатли ва қизиқарли баҳслар бўлишидан дарак бермоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!