Англиянинг Ливерпуль шаҳрида ўтаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам ўзининг сўнгги босқичига етиб келди. Турнирнинг энг оғир тоифаси саналган +90 кг вазнда ҳамюртимиз Жаҳонгир Зокиров қозоғистонлик Ойбек Оралбайга қарши ҳал қилувчи жангга чиқди.
Учрашув юксак шиддат ва муросасиз кураш руҳида кечди. Ҳар икки спортчи ҳам ғалаба учун борини берди, аммо якунловчи дақиқаларда омад рақибимиз томонида бўлди. Ҳисобда 3:2 натижа қайд этилди ва Жаҳонгир Зокиров жаҳон чемпионатини кумуш медал билан якунлади.
Шу тариқа, Ливерпулдаги катта мусобақа ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистон бокс терма жамоаси бу жаҳон чемпионатида умумий ҳисобда 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоавий медаллар саралашида иккинчи ўринни эгаллади.
Биринчи поғонани эса 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан Қозоғистон терма жамоаси ўз номига ёздирди. Бу натижа ҳам қўшнилар, ҳам юртимиз вакиллари учун жаҳон бокс тарихида ёрқин саҳифа сифатида қайд этилди.
Шунингдек, миллий жамоамиз ушбу чемпионатда яна бир бор ўзининг жаҳон элитасидаги кучини намоён этди ва келгуси турнирларда ҳам юқори натижалар учун асосий даъвогарлардан бири эканини исботлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!