«Манчестер Сити»нинг португалиялик етакчи яримҳимоячиси Бернарду Силва жамоа рақобатчилари ҳақида ўз фикрларини билдириб, «Арсенал»ни ҳали асосий рақиблар сафида кўрмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Англия футболидаги ҳар бир дерби ва рақобатнинг ўз тарихи ва ўзига хос руҳи бор. Масалан, «Манчестер Юнайтед» билан беллашувлар география жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга, чунки икки жамоа бир шаҳарнинг вакиллари. Аммо сўнгги йилларда «қизил иблислар» ўзига хос инқироз даврини бошдан кечирмоқда, шу боис улар чемпионлик йўлида жиддий тўсиқ эмас.
«Биз учун асосий рақиб ҳар доим «Ливерпул» бўлган. Чунки улар сўнгги мавсумларда мунтазам равишда чемпионлик учун биз билан елкама-елка туриб курашишди, ҳатто айрим ҳолларда ғалаба қозонган пайтлари ҳам бўлди. Бу рақобатнинг шиддати бошқа барча тўқнашувлардан кучли», – деди Силва.
Шу билан бирга, португалиялик футболчи «Арсенал» ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, «тўпчилар» охирги йилларда жуда кучайди, таркиб ва ўйин услуби жиҳатидан катта қадам ташлади. Бироқ улар ҳали чемпионлик учун доимий даъвогарга айланиш даражасига етмаган.
«Албатта, «Арсенал» кейинги йилларда совринлар учун кураша бошлади. Улар салоҳиятга эга ва кучайиб боришмоқда, аммо чемпионлик босқичида ҳали етакчи даражага чиқишлари керак», – дея қўшимча қилди Силва.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!