Ўзбекистон Кубоги ярим финали доирасида «Бухоро» ва «Сўғдиёна» клублари ўртасида кечган драматик беллашувдан сўнг, жиззахликларнинг бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб ўтди. У аввало рақибни финалга йўлланма олгани билан табриклаб, уларга омад тилади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, учрашув жуда қизиқ ва кескин ўтди. Биринчи бўлимда икки бор тўп ўтказиб юборилганига қарамай, «Сўғдиёна» жамоаси майдонга руҳан қайтиб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. «Биз рақибнинг асосий кучли жиҳатларини яхши билардик. Улар стандарт вазиятлар ва узоқ пасларда хавфли. Танаффусда футболчиларимга қўлни туширмасликни айтиб, ўз вазиятимизни кутдик ва гол уришимизга ишондик», – деди у.
Шунингдек, у экстра-таймларда ҳам шогирдлари бор кучини берганини, аммо «Бухоро» сафидаги ёш футболчи узоқдан жуда чиройли ва аниқ зарба билан гол урганини таъкидлади. «Бугун менда жамоамга ҳеч қандай эътироз йўқ. Характер кўрсатдик, майдонда сифатли ўйин кўрсатдик. Кубок ярим финалига хос тарзда кечган баҳс бўлди. Руҳий зарба олдик, аммо бу билан тўхтаб қолмаймиз», – дея қўшимча қилди Бошкович.
Шу билан бирга, у «Бухоро»нинг дастлабки бўлимда икки бор ҳисобни очиши режаларга маълум даражада таъсир қилганини айтди. «Биз рақибнинг ҳар қандай сценарийсига тайёр эдик. Улар ўз майдонларида, ўз мухлислари қаршисида ўйнади ва бу устунлик берди. Очиғи, пенальтилар сериясини кутгандим, аммо узоқдан йўлланган зарба голга айланди ва барчасига нуқта қўйди», – деди мураббий.
Дориевнинг бу баҳсда омади келмагани ҳақидаги саволга эса, Бошкович шундай жавоб берди: «Агар гол ва ассистларни бирга ҳисобласак, у ҳозирда биринчи ўринда. Ҳар ўйинда бир хил ҳаракат қилишнинг иложи йўқ. Рақиблар ҳам уни ёпишади. Дориев гол урмагани учун ютқаздик деган фикрдан йироқман. Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Асосийси, бутун жамоа майдонда борини берди. Афсусланишнинг ҳожати йўқ, чунки яхши ўйин намойиш этдик. Бугун бемалол ухласак бўлади».
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!