Англия Премьер-лигасининг 6-турида «Манчестер Сити» ўз майдони — «Этихад»да «Бёрнли» жамоасини қабул қилади. Хосеп Гвардиола шогирдлари бу мавсумни кучли бошлаган бўлса-да, асосий таркибдаги бир қатор футболчиларнинг жароҳат олиши жамоа олдида жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Аввалги турда «Арсенал»га қарши беллашувда Абдуқодир Ҳусанов, Эрлинг Холанд ва Нико О’Райли жароҳат олиб, ўйинни якунига етказа олмаганди. Айниқса, Ҳусановнинг шикасти жиддийроқ экани маълум бўлди ва у бир неча кун даволаниши керак.
Гвардиола «Бёрнли»га қарши учрашув олдидан жамоа ҳолати ҳақида сўзлаб, бир қатор футболчилар майдонга туша олмаслигини очиқ билдирди:
— Эрлинг Холанд ушбу баҳсга тайёр, аммо Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Умар Мармуш ва Абдуқодир Ҳусанов таркибда бўлмайди. Матео Ковачичнинг майдонга тушиш имконияти бор, лекин у операциядан сўнг эндигина машғулотларга қайтди ва бирданига асосий таркибда ўйнашга тайёр эмас, — деди Гвардиола.
Маълумотларга кўра, лазаретдаги футболчиларнинг тикланиш жараёни манчестерликлар томонидан қатъий назоратга олинган. Манчестердаги манбалардан бири, mancitynews.com эксперти Дэвид Таллингнинг таъкидлашича, Холанд биринчи бўлиб сафга қайтиши кутилганди ва бу маълумот ўз исботини топди.
Унинг қайд этишича, Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Умар Мармуш 5 октябрда «Брентфорд»га қарши сафар учрашувида жамоага ёрдам бериши мумкин. Райан Айт-Нури эса халқаро танаффусдан сўнг, 18 октябрда «Эвертон»га қарши баҳсда майдонга қайтиши эҳтимол қилиняпти. Ёзда харид қилинган франциялик ҳужумкор футболчи Райан Шерки эса жиддий жароҳати туфайли октябрь ойини майдондан ташқарида ўтказиб, 2 ноябрда «Борнмут»га қарши баҳсда таркибдан жой олиши мумкин.
Матео Ковачич ва Кэлвин Филлипс эса операциядан сўнг машғулотларни бошлаб юборган, мураббийлар штаби улар спорт формасини тўлиқ тиклаганидан кейингина асосий таркибга киритилишини маълум қилган.
Англия Премьер-лигасининг «Манчестер Сити» ва «Бёрнли» ўртасидаги беллашуви 27 сентябрь куни соат 19:00 да старт олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!