date

Эрлинг Холанд дубли, Нуньеш голи ва «Сити»нинг йирик ғалабаси...

Эрлинг Холанд дубли, Нуньеш голи ва «Сити»нинг йирик ғалабаси...

Англия Премьер-лигаси 6-туридан ўрин олган марказий баҳсда «Манчестер Сити» ўз мухлислари олдида майдонга чиқиб, «Бёрнли» устидан йирик – 5:1 ҳисобида зафар қозонди. Ушбу ғалаба нафақат муҳим уч очко олиб келди, балки жамоанинг чемпионатдаги мақсадларини янада ойдинлаштирди.

Меҳмонлар сафидаги француз ҳимоячиси Эстеве манчестерликлар ҳужумини қайтариш жараёнида икки бор автогол муаллифига айланиб, жамоаси учун омадсиз кеча қаҳрамонига айланди. Бу ҳолат «шаҳарликлар»нинг юксак устунлиги ва босими остида рақиб ҳимоясида катта тараққиёт йўқлигини яна бир бор намоён этди.

Шу билан бирга, Португалия терма жамоаси аъзоси Матеуш Нуньеш ҳам асосий таркибда майдонга туширилди ва нафақат ҳимояда ўз вазифасини бажарди, балки АПЛнинг янги мавсумидаги илк голини ҳам киритди. Нуньеш ўйиндан кейинги фикрларида жамоанинг асосий мақсади – ҳар бир учрашувда тўлиқ назорат қилиш ва имконият беришдан тийилиш эканини алоҳида таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, биринчи тайм жуда қийин кечган бўлса-да, иккинчи бўлимда жамоа ўйинни ўз қўлига олган ва муваффақият қозонган. «Биз гол ўтказмасликни ўрганишимиз керак. “Бёрнли” билан бўлган ўйиндан олган хулосамиз шу бўлди. Ўйиннинг биринчи ярми жуда қийин кечди. Бироқ иккинчи бўлимда ўйиннинг боришини янада яхшироқ назорат қилдик ва муваффақият қозондик.

Бу жуда ёқимли ғалаба. Биз ҳали ҳам аввалги даражамизга кўтарилишга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун ҳар бир баҳсда ўйинни тўлиқ назорат қилишимиз талаб этилади. Ҳар доим ғалаба учун тўп тепамиз, аммо бу ҳар доим ҳам осон кечмайди», – деди Нуньеш.

Йирик ғалабага Эрлинг Холанднинг дубли ҳам катта ҳисса қўшди. Норвегиялик ҳужумчи шу тариқа жами саккизта гол билан лигадaги тўпурарлар рўйхатида пешқадамликни қўлга киритди.

Афсуски, «Манчестер Сити» сафида ўзбекистонлик ёш легионер Абдуқодир Ҳусанов жароҳати туфайли учрашувда майдонга тушмади. Унинг келгуси баҳсларда иштирок этиши ҳамон савол остида қолмоқда.

Шу билан бирга, жамоа АПЛда олти ўйиндан кейин 10 очко тўплаб, юқори поғоналар учун курашаётган жамоалар қаторига қўшилди. Энди эса «шаҳарликлар» Европа Чемпионлар лигаси баҳсларига тайёргарлик кўришмоқда.

Қитъанинг энг нуфузли мусобақаси доирасидаги навбатдаги беллашув 1 октябрь санасида бўлиб ўтади. Унда «Манчестер Сити» Франциянинг «Монако» клубига қарши сафарда баҳс олиб боради. Мухлислар эса Ҳусановнинг ушбу баҳсда иштирок этиш-этмаслигини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эрлинг Холанд дубли, Нуньеш голи ва «Сити»нинг йирик ғалабаси...