Англия футболининг таниқли ҳужумчиси Ҳарри Кейн “Бавария” таркибида яна бир тарихий маррага етиб борди. 2023 йили мюнхенликлар сафига қўшилган тўпурар 104 та учрашувда рақиблар дарвозасига 100 та гол урди ва шу орқали футбол оламида ўзига хос рекорд ўрнатди.
Авваллари бу кўрсаткич Криштиану Роналду ва Эрлинг Холанд номига тегишли эди. Улар 100 та гол уриш учун 105 тадан баҳсда майдонга тушишганди. Демак, Ҳарри Кейн улардан ҳам тезроқ нишонга етиб, янги рекордчи сифатида футбол тарихи саҳифаларига кириб борди.
Sport Bild нашрининг маълумот беришича, англиялик юлдузнинг бу даражада самарали ўйини Европанинг икки йирик клуби – “Барселона” ва “Реал” эътиборини жиддий тарзда ўзига тортган. Манбаларга кўра, ҳар икки клуб раҳбарияти ҳозирданоқ тажрибали ҳужумчини ўз сафларига қўшиб олиш режаси устида иш бошлаган.
Маълумотларга қараганда, Кейннинг “Бавария” билан амалдаги шартномасида махсус банд мавжуд бўлиб, унга кўра 2026 йилнинг ёзида уни 68 миллион евро миқдоридаги бадал пули эвазига трансфер қилиш имкони бор. Бироқ бу банд фаоллашиши учун футболчининг ўзи клубни тарк этиш истагини билдириши зарур.
Ҳарри Кейнга қизиқиш билдирувчи клублар қаторида фақат Испаниянинг икки гранди эмас, балки Англия Премьер-лигасининг бир неча жамоалари ҳам бор. Улар ҳам ёзги трансфер ойнасидан сўнг 32 ёшли тўпурарга ҳамкорлик таклиф қилишга тайёр турибди.
Бугунги кунда Кейн нафақат Германияда, балки бутун Европа футболида энг хавфли ҳужумчилардан бири сифатида кўрилаяпти. Унинг самарадорлиги ва тажрибаси ҳар қандай топ-клуб учун қимматли бойлик ҳисобланади.
Энди эса барча футбол ишқибозлари учун савол очиқ: Ҳарри Кейн “Бавария” сафида яна рекордлар ўрнатишда давом этадими ёки катта трансфер орқали янги саҳифа очадими? Бунинг жавоби яқин мавсумларда маълум бўлади.