date

Симоне Инзаги: "Насаф" яхши жамоа, таркиби ҳам анча кучли

Симоне Инзаги: "Насаф" яхши жамоа, таркиби ҳам анча кучли

Эртага Элит ОЧЛнинг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Қаршининг "Насаф" жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клубини қабул қилади. Учрашувдан аввал меҳмонлар бош мураббийи Симоне Индзаги ва футболчи Маркос Леонардо фикрлари билан ўртоқлашди.

"Барчага хайрли кеч. Биз Қаршига 2-тур ўйинида иштирок этиш учун келдик. "Насаф" яхши жамоа. "Насаф" қанчалик кураш тақдим эта олишини Жиддада намойиш этди. Таркиб ҳам анча кучли, айниқса индивидуал жиҳатдан кучли ўйинчилар", - деди Симоне Индзаги.

"Ўйин қийин бўлишини кутяпман. "Насаф" жиддий рақиб ва эртанги учрашув биз учун бошқача бўлади. Сабаби бу Саудия чемпионатидаги навбатдаги ўйин эмас. Бу Элит ОЧЛ. Эртага яхши натижа қайд этиш учун боримизни берамиз", - деди Маркос Леонардо.

- Жамоангизнинг Саудия чемпионатига тайёргарлиги билан ОЧЛ ўйинларига тайёргарлик кўриш тизими фарқ қиладими? Қайси мусобақа сиз учун муҳимроқ?

- Менга барча мусобақалар муҳим. Фарқи йўқ, чемпионатми ёки Кубок ёки ОЧЛ. Мен мусобақаларни ажратмайман ва барчасига курашаман.

- Дарвин Нуньесни Қаршига олиб келмадингиз. Нуньес ҳали жамоа ўйинига тўлиқ мослашиб улгурмади десак бўладими?

- Нуньеснинг тиззасида жароҳати бор. У ФИФА кунларида тезроқ сафга қайтиб олади деган умиддаман.

- Саудия Арабистони терма жамоаси сўнгги вақтларда кучсизланиб қолгандек. Бунга сабаб, Саудия клубларининг яхши легионерларни ўз сафига қўшиб олишиданми? Ушбу жиҳатлар бир-бирига боғлиқ деб ўйлайсизми?

- Саудия Арабистони чемпионати даражаси жуда яхши деб ўйлайман. Клублар кучли ва ташкилий ишлар яхши. Терма жамоага келсак, уларни ҳам кузатишни бошладим. Терма жамоа бош мураббийи билан танишмиз. Саудия Арабистони терма жамоасининг сўнгги икки учрашувини томоша қилдим.

- Маркос Леонардо ўтган ўйинда қайдномада эмас эди. Эртанги баҳсдан олдин эса у қайдномадан жой олди, аммо Жоао Канселу қайдномадан тушиб қолди. Шу ҳақда фикр билдирсангиз.

- Бу нормал ҳолат. Икки хил турли ҳолат. Мен бошида қайдномада бўлмасам керак ва сафарга бормайман деб ўйлагандим, аммо ҳозир мен таркибдаман ва сафарга келдим. Бу имкониятдан максимал фойдаланмоқчиман.

- Ушбу мусобақадаги "Ал Ҳилол"нинг мақсади қандай ва бошқа даъвогарларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Барча жамоаларни ўрганиб ва кузатиб бормоқдамиз. "Дуҳаил" бизнинг биринчи рақибимиз эди, энди эса "Насаф"га қарши ўйнаймиз. "Ал Ҳилол" ушбу мусобақада ғалаба қозониш учун борини беради.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Симоне Инзаги: "Насаф" яхши жамоа, таркиби ҳам анча кучли