Европа Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби ҳисобланган “Пари Сен-Жермен” қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақаси янги мавсумида муҳим босқич олдидан жиддий қийин аҳволга тушиб қолди.
Франция чемпионатининг охирги турида “Осер”га қарши кечган баҳс парижликлар учун ўйин натижасидан кўра футболчилар саломатлиги жиҳатидан оғирроқ бўлди. Ушбу тўқнашувда ярим ҳимоячи Витинья ҳамда ҳужумда етакчи рол ўйнаб келаётган Хвича Кварацхелия турли хил жароҳатлар олиб, майдонни муддатидан илгари тарк этишга мажбур бўлди.
Бу ҳали муаммоларнинг барчаси эмас. Чунки 1 октябрь куни “Пари Сен-Жермен” Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида Каталонияда “Барселона” билан куч синашиши керак. Бироқ бош мураббий Луис Энрике жамоасининг бир қатор муҳим ижрочиларидан фойдалана олмайди.
Carrusel Deportivo нашри тарқатган маълумотларга кўра, яқинда “Олтин тўп”нинг янги эгаси бўлган Усмон Дембеле ҳамда жамоанинг тажрибали ҳимоячиси Маркиньос “Барселона”га қарши баҳсда асло майдонга туша олмайди. Шунингдек, Фабиан Руис ҳамда ёш иқтидор эгаси Дезире Дуэнинг ҳам катта учрашувда жамоага ёрдам бериши шубҳа остида турибди.
Шу тариқа, “Пари Сен-Жермен” Каталониядаги синовли сафарга жиддий йўқотишлар билан чиқишга мажбур бўлади. Бундай ҳолат эса Луис Энрике учун тактик режаларни ўзгартириш, таркибдаги камчиликларни ёпиш ва жамоавий ўйинни янада кучайтириш заруратини туғдиради.
Кўплаб экспертлар ва футбол мухлислари ушбу ўйинни Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги энг қизиқарли ва муҳим баҳслардан бири сифатида кўришмоқда. Парижликлар эса қанча йўқотишларга қарамай, ўз обрўсини сақлаб қолиш ва юқори марралар учун курашишдан орқага чекинмаслиги аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!