Европа Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг иккинчи турида Лондон шаҳри катта баҳсга мезбонлик қилди. Яқинда «Бенфика» клубини қабул қилиб олган машҳур мураббий Жозе Моуриньо шогирдлари «Челси»га қарши куч синашишди. Учрашув кескин ва драматик ўтди, аммо якунни белгилаган ягона тўп португалияликлар дарвозасига ўз ўйинчиси Риоснинг ноаниқ ҳаракати орқали киритилди. 18-дақиқада қайд этилган автогол лиссабонликлар тақдирини ҳал қилди — 0:1.
Моуриньо мағлубият ҳақида
Баҳсдан кейинги матбуот анжуманида Моуриньо жамоанинг вазияти, қисқа вақтда кўп ўйин ўтказиш муаммоси ва ўйинчиларнинг ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди:
«Биз икки кун фарқи билан кетма-кет тўртта баҳс ўтказдик. Ҳеч қандай тўлиқ машғулотлар олиб бориш имкони бўлмади, фақат тикланиш машқлари билан чекландик. Менинг кучли томонларимдан бири майдонда ишлаш ва машғулот жараёнларига эътибор қаратиришдир, лекин бу гал унга вақт топилмади».
«Мағлубият турлича бўлади»
Моуриньонинг таъкидлашича, ютқазиш ҳар доим аламли, аммо баъзан бу футболчилар учун ижобий туртки сифатида хизмат қилиши мумкин:
«Мағлубият ҳар доим мағлубиятлигича қолади. Бироқ уларнинг ҳам турлари бор. Бугунги баҳс жамоага туртки бўлиши мумкин. Чунки ўйинда барқарорлик бор эди. Дуранг натижаси ҳам қўлга киритилиши мумкин эди, бу эса ижобий бўларди».
Жамоадаги вазият
Моуриньо сўзларига кўра, мураббий алмашиши — жамоада муаммолар мавжудлигини кўрсатади:
«Мавсум давомида мураббий алмашиши кўпинча натижалар қониқарсиз бўлгани учун содир бўлади. Бизда муайян муаммолар бор ва футболчилар бундай вазиятдан осонгина чиқиб кета олмайди. Бу жараён вақт талаб қилади».
Кейинги баҳслар
Эндиликда «Бенфика» мухлислари жамоанинг кейинги баҳсини кутишмоқда. Чемпионлар Лигаси доирасида лиссабонликлар 21 октябр куни ўз майдонида «Ньюкасл Юнайтед»ни қабул қилади. «Челси» эса бир кундан кейин «Аякс» билан тўқнаш келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!