Ўзбекистон миллий жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Отабек Шукуров расман БАА клуби "Банияс" сафида фаолият юритадиган бўлди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълумот берди.
Охирги ҳафталарда хавбекнинг номи БААнинг бир қатор жамоалари билан жиддий тарзда боғланиб келинаётган эди. Музокаралар якунида эса Шукуров ўз танловини "Банияс" фойдасига қилди. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби футболчининг тажрибаси ва майдондаги универсал ҳаракатларига ишонч билдирмоқда.
Маълумки, Отабек Шукуров сўнгги мавсумда Саудия Арабистонининг "Ал-Фейҳа" жамоаси шарафини ҳимоя қилган. У ҳозирда эркин агент мақомига эга эди ва бу омил янги клуб топиш жараёнини тезлаштирди.
"Банияс" жамоаси таркибида Шукуров юртимиз футболчиларидан Акмал Мозговой билан бирга майдонга тушиши кутилмоқда. Мазкур дуэт терма жамоа мухлислари учун алоҳида қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Улар БАА чемпионатида нафақат ўзларини, балки ўзбек футболини ҳам муносиб тарзда намойиш этиш имкониятига эга бўлади.
Шукуровнинг янги клубига кўчиб ўтиши унинг карьерасидаги навбатдаги муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Ўзининг тажрибаси ва меҳнатсеварлиги билан хавбек "Банияс"нинг марказий фигураларидан бирига айланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!