Премьер-лиганинг еттинчи турида “Ливерпул” Лондонда “Челси” меҳмони бўлиб, кескин ва жанговор ўтган баҳсда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу натижа клуб атрофида “инқироз бошланди-ми?” деган саволларни яна очиқ қолдирди. BBC ёзганидек, ушбу ютқазиш Арне Слот учун карьерасидаги исталмаган белгига айланди: у илк марта кетма-кет учта ўйинда мағлубиятга учради.
Маълумки, бу қатор “Челси”дан олдин “Кристал Пэлас”га ички чемпионат баҳсида 1:2, шундан сал аввал Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичида “Галатасарой”га 0:1 ҳисобида енгилиш билан бошланган эди. Қизиғи, барча уч ўйин ҳам сафарда ўтгани, натижалар эса бир-биридан оғриқли бўлгани эътиборни тортади. Бир сўз билан айтганда, жамоа ҳозирча уйдан ташқарида ритм тополмаяпти.
Слотнинг тактик ғоялари – юқори прессинг, тезкор ҳужум фазоларини излаш, фланглар орқали босим – мавсум стартида самара берганди. Бироқ сўнгги турларда қарор қабул қилиш тезлиги, охирги узатмалар аниқлиги ва ҳимоядаги интизом етишмаётгани кўзга ташланмоқда. Таркиб кенг айлантирилаётгани, қисқа вақт ичида зич тақвимга тўғри келган сафар ўйинлари ҳам жисмоний ва руҳий чарчоқни кучайтирган бўлиши мумкин. Бу эҳтимолий омиллар, расмий тарзда тасдиқланмаган.
Шу билан бирга, “Ливерпул”нинг салмоқли потенциали борлиги ҳақиқат. Жамоа ҳали ҳам позицион ҳужум қуришда кучли, стандартлардан хавф туғдиради, етакчи ўйинчилар кайфият топса, натижа тўлқинни тез ўзгартириши мумкин. Мураббийлар штаби учун асосий вазифа – ҳужумдаги самарадорликни қайта ошириш, марказдаги баланcни мустаҳкамлаш ва сафар ўйинларидаги руҳий босимни енгиш.
Арне Слот “Ливерпул”га келгунча Нидерландияда “АЗ Алкмаар” ҳамда “Фейеноорд”ни бошқарган ва катта тажриба тўплаган мутахассис. Энди эса унинг олдида Англиядаги энг қийин синовлардан бири – қисқа вақтда кетма-кет мағлубиятлар сериисини тўхтатиш, гол машинасини қайта ишга тушириш ва турнир жадвалида йўқотилган очколарни қоплаш турибди.
Кейинги тур “қизиллар” учун синов камони бўлади: стадиондаги кайфиятни ўзгартира олишса, ушбу кенг кўламли гап-сўзлар тезда сўниб, мавсум мақсадларига қайтиш осонлашади. Мухлислар эса бир нарсага ишонишмоқда — клуб ушбу қисқа “қоронғу тун”ни енгиб ўтади, Слот эса антирекордни фақат статистика саҳифасида қолдиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!