Англия Премьер-лигасининг 7-турида “Манчестер Сити” сафарда “Брентфорд”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, муҳим уч очкони қўлга киритди. Учрашувдан кейин жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола таркибда кузатилаётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.
“Жуда мазмунли ўйин бўлди. Айниқса, биринчи бўлимни сифали ўтказдик — ташаббус ўз қўлимизда бўлди, бир қатор вазиятлар яратдик. Рақиб дарвозабони бир неча бор катта маҳорат кўрсатиб, голларимизни қайтарди. Умуман олганда, бу ойда қадам-бақадам ўсишга эришдик. ‘Манчестер Юнайтед’га қарши баҳсдан кейин кўп жиҳатларда ўсганимизни кўряпман. Энди футболчилар терма жамоалардан соғ-саломат қайтиши муҳим,” — деди Пеп.
Бу ғалабадан сўнг “шаҳарликлар” очколарини 13 тага етказиб, турнир жадвалида 5-поғонага кўтарилишди. Кейинки турда “Этихад”да “Эвертон” меҳмон бўлади. Гвардиоланинг таъкидлашича, жамоа янада кучлироқ босим, юқори темп ва барқарорликни сақлаб қолиш учун танаффусдан кейин ҳам қаттиқ меҳнат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!