Перу пойтахти Лимада бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати яккалик беллашувлари маррага етди. Мусобақанинг сўнгги иш кунида оғир вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди ва, қувонарлиси, уч нафар йигит-қизимиз пьедесталга кўтарилди.
+78 кг вазн тоифасида Умида Ниғматова барча рақибаларини ортда қолдириб, финалгача етди ва кумуш медални қўлга киритди. Эркаклар баҳсида эса -90 кг да Алишер Саманов ҳамда -100 кг да Муҳаммадали Зоиров жонбозлик кўрсатиб, термамиз хазинасини иккита бронза билан бойитишди.
Шу тарзда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси умумий ҳисобда 1 та кумуш ва 5 та бронза билан мусобақани якунлаб, 65 давлат орасида муносиб тарзда 10-ўринни эгаллади.
Биринчи ўринни Япония 5 олтин, 4 кумуш, 4 бронза билан эгаллади, кучли учликка Бразилия ва ИЖФ жамоаси ҳам кирди.
Пьедесталга чиққан дзюдочиларимиз
Кумуш:
+78 кг — Умида Ниғматова
Бронза:
-48 кг — Лазиза Ҳайдарова
-60 кг — Самариддин Қўчқоров
-81 кг — Самариддин Мухибиддинов
-90 кг — Алишер Саманов
-100 кг — Муҳаммадали Зоиров
Ёшларимиз Лимада қулай шароитда эмас, рақобати жуда юқори доирада ўзбекистонча жасорат кўрсатишди. Бу медаллар — кейинги босқичлар, катталар ўртасидаги йирик стартлар олдидан ишонч ва руҳ берувчи муваффақият. Қолгани — меҳнатни тўхтатмаслик ва ғалабалар силсиласини давом эттириш!
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!