“Манчестер Сити” бош мураббийининг собиқ ёрдамчиси Карлис Планчарт Пеп Гвардиолага янги чақириққа йўл олишни тавсия қилди. 2016-йилдан буён Англияда ишлаётган каталониялик мутахассис “шаҳарликлар” билан 18 та совринни қўлга киритиб, клуб тарихидаги энг ёрқин даврни яратди. Шартномаси 2027-йилгача амал қилади.
Планчартнинг таъкидлашича, “ҳар қандай лойиҳа 5–6 йилдан узоққа чўзилмаслиги керак, шундан кейин янги ҳаво ва тетикланиш зарур. Дўст сифатида унга бошқа жамоада ўзини синаб кўришни маслаҳат бераман, чунки Пеп ҳали жуда кўп иш қила олади”, — деди у “Спорт” нашрига.
Гвардиола эса олдинроқ фаолиятини якунлашдан аввал миллий терма жамоани бошқариб, йирик форумда қатнашиш орзусини билдирган: “Жаҳон ёки Европа чемпионатида терма жамоани қабул қилишни истайман. Қайси юрт эканини билмайман, аммо бундай имкониятни хоҳлардим”, — деган эди у.
Пеп “Барселона” ва “Бавария”да катта ютуқларга эришганидан кейин Англияда ҳам ҳукмронлик ўрнатди: 6 марта Премьер-лига чемпиони, 2 та Англия Кубоги ва 4 та Лига Кубогини қўлга киритди. 2022/23 мавсумида эса тарихий натижа қайд этилди — илк бор Чемпионлар лигаси соврини ва “требл”.
Ҳозирча Гвардиола “Этиҳад”да қолади ва титуллар сонини янада кўпайтиришни мақсад қилган. Бироқ собиқ ёрдамчининг гаплари Пепнинг келажаги ҳақидаги мунозараларни яна жонлантирди: янги саф—янги синовми ёки “Сити”даги шукуҳини давом эттиришми? Жавобини вақт кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!