date

Камару Усман Перрейра ва Анкалаев трилогиясини кутмоқда

Камару Усман Перрейра ва Анкалаев трилогиясини кутмоқда

Нигериялик машҳур UFC жангчиси Камару Усман бразилиялик Алекс Перрейра ва россиялик Магомед Анкалаев ўртасида учинчи жанг — яъни трилогия ташкил этилишига умид билдирди. Унинг фикрича, айнан бу тўқнашув ёрдамида икки жангчи ўртасидаги “ким кучлироқ?” деган саволга аниқ нуқта қўйилади.

“Биз аввал Перрейранинг камарни қандай йўқотганини кўрдик, бу ҳолат барчамизга маълум. Кейин Анкалаев ҳам унвондан айрилди. Лекин шунга қарамасдан, ҳали ҳам аниқ жавоб йўқ — ким устунлигини билиш учун яна бир жанг керак. Мен бу трилогияни катта турнирда, масалан, Оқ уйда ўтказилишида кўрмоқчиман”, — деган Усманнинг сўзларини “Red Corner MMA” нашри келтиради.

Эслатиб ўтиш жоиз, охирги беллашув “UFC 320” турнири доирасида бўлиб ўтди. Унда бразилиялик Алекс Перрейра рақиби Магомед Анкалаевни биринчи раундда техник нокаут орқали мағлубиятга учратди. Бу натижа жанг дунёсида катта муҳокамаларни келтириб чиқарганди.

Камару Усманнинг таъкидлашича, ҳар икки жангчи юқори даражадаги маҳорат эгалари бўлиб, уларнинг кураш услуби UFC тарихидаги энг драматик жанглардан бирига айланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу сафар ғалаба кимга насиб этишини олдиндан айтиш қийин.

“Фанатлар бу рақобатни яхши кўради. Бу нафақат спорт, балки ирода, стратегия ва тажриба синовидир. Ҳар иккиси ҳам бу баҳсга арзийди”, — деди Усман.

Шу тариқа, Камару Усманнинг фикрича, Перрейра ва Анкалаевнинг трилогияси нафақат UFC тарихига ёзилиши, балки жангчиларнинг ҳақиқий мақомини белгилаб бериши мумкин. Эҳтимол, яқин вақтларда бу ғоя амалга ошар ва октагонда яна бир катта тўқнашувни гувоҳ бўлармиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Камару Усман Перрейра ва Анкалаев трилогиясини кутмоқда