date

Ўзбекистон оғир атлетикачилари Норвегияда жаҳонни забт этди

Ўзбекистон оғир атлетикачилари Норвегияда жаҳонни забт этди

Норвегиянинг Фёрде шаҳрида бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчилари яна бир бор тарих яратишди. Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Акбар Жўраев ва Руслан Нуриддинов медаллар қўлга киритишга муваффақ бўлишди.

-110 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Акбар Жўраев мусобақада ҳақиқий сенсация яратди. У даст кўтаришда 196 кг, силтаб кўтаришда эса 228 кг натижа қайд этиб, икки босқичда ҳам дунё рекордини янгилади.

Шу тариқа, Жўраев ҳар икки машқда ва умумий ҳисобда ҳам ғалаба қозониб, бир вақтнинг ўзида 3 та олтин медални қўлга киритди. У бу натижа орқали ўз фаолиятида учинчи бор жаҳон чемпионига айланди. Эслатиб ўтамиз, у аввал 2021 ва 2023 йилларда ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эди.

Ҳамюртимиз Руслан Нуриддинов ҳам шу вазн тоифасида қатнашди ва муносиб натижа қайд этди. У даст кўтариш машқида 186 кг билан тўртинчи, силтаб кўтаришда эса 228 кг билан учинчи бўлиб, икки бор подиумга чиқиш шарафига муяссар бўлди.

Натижада Нуриддинов силтаб кўтариш ва умумий ҳисоб бўйича икки бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик оғир атлетикачилар яна бир бор мамлакат байроғини халқаро мусобақада баланд кўтаришди. Акбар Жўраевнинг янги рекордлари ва Руслан Нуриддиновнинг муваффақияти спорт жамоатчилиги томонидан катта қониқиш билан кутиб олинди.

Таҳлилчилар таъкидлашича, бу натижалар Ўзбекистон оғир атлетика мактабининг барқарор ўсишидан ва спортчиларнинг юқори тайёргарлик даражасидан дарак бермоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон оғир атлетикачилари Норвегияда жаҳонни забт этди