Швеция футбол иттифоқи кутилмаган қарор қабул қилди — янги бош мураббий этиб англиялик Грэм Поттер тайинланди. Расмий маълумотга кўра, 50 ёшли мутахассис билан тузилган келишув Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичи якунлангунга қадар амал қилади.
Поттернинг Швецияга келиши мамлакат футболида янги босқични бошлаб бериши кутиляпти. Чунки жамоа ҳозир қийин аҳволда — тўрт турдан кейин "B" гуруҳида бор-йўғи 1 очко билан охирги ўринда жойлашган. Шу билан бирга, улар Миллатлар Лигасининг C дивизионида етакчиликни қўлдан бой бермаган ва ҳали ҳам плей-офф орқали мундиалга чиқиш имкониятини сақлаб қолган.
Янги бош мураббий олдидаги асосий вазифа — жамоани психологик жиҳатдан қайта тиклаш ва сарлашдаги сўнгги ўйинларда ғалаба руҳини қайта жонлантириш. Агар Швеция терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритса, Поттер билан тузилган шартнома автоматик равишда узайтилади.
Эслатиб ўтамиз, шведларнинг илгари бош мураббийи бўлган даниялик Йон Даль Томассон 14 октябрь куни Косовога қарши кечган ўйиндаги мағлубиятдан сўнг лавозимини тарк этган эди. Шу билан у терма жамоа тарихидаги илк хорижлик мураббий сифатида ёдда қолди.
Грэм Поттернинг сўнгги иш жойи “Вест Хэм” клуби бўлган. Аммо у бу лавозимда узоқ турмади — атиги 24 кундан сўнг жамоани тарк этган эди. Энди эса унинг олдида бутун миллатнинг умиди тургани сир эмас.
Швеция футболи мухлислари янги мураббий билан янги нафас ва янги руҳиятни кутмоқда. Поттер эса бу ишончни оқлаб, сўнгги йилларда ғалабаларга чанқаган жамоани яна юқори поғоналарга қайтариш ниятида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!