
Испаниянинг машҳур клуби “Реал Мадрид” октабр ойининг энг яхши футболчисини эълон қилди. Клубнинг расмий сайти хабарига кўра, бу мукофотга туркиялик ёш истеъдод Арда Гулер лойиқ деб топилди. У жорий ой давомида майдондаги фаол ўйини ва самарали паслари билан жамоасига муҳим ҳисса қўшган.
Арда Гулер 2005-йил 25-февралда Туркиянинг Анқара шаҳрида туғилган. Футболчи Туркия Суперлигасида ёшига қарамай ёрқин ўйин кўрсатиб, “Реал Мадрид” жамоасининг эътиборини тортди. 2023-йилнинг ёзида у 18 ёшида “Реал Мадрид” билан шартнома имзолади.
Гулер ўзининг техникаси, дриблинги ва зарба аниқлиги билан танилган. У жамоада ярим ҳимоячи сифатида ҳаракат қилиб, тезкор қарор қабул қилиши ва ўйин ритмини бошқариш қобилияти билан ажралиб туради. Шу сабабли мадридлик мухлислар уни “янги Модрич” деб атай бошлашган.
Мутахассислар унинг келажаги порлоқ эканини, у нафақат клуб, балки Туркия футболининг ҳам келажакдаги асосий юзларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.