Милитао ва Гулер мавсум охиригача сафдан чиқди

"Реал Мадрид" клуби ҳимоячиси Эдер Милитао ва ярим ҳимоячи Арда Гулер 2025-2026 йилги мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Тиббий кўрик натижаларига кўра, ҳар икки футболчининг сон мушакларида иккинчи даражали йиртилиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳолат жамоа бош мураббийи Алваро Арбелоа учун мавсум якунидаги ҳал қилувчи баҳслар олдидан жиддий муаммо туғдирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Милитао сешанба куни "Алавес"га қарши ўйинда майдонни тарк этишга мажбур бўлган эди, Гулернинг жароҳати эса пайшанба кунги машғулотларда маълум бўлди. Клуб расмий баёнотида ҳар икки ўйинчининг ўнг ва чап оёқ сон мушакларида шикастланиш борлиги тасдиқланган. Тикланиш жараёни камида уч-тўрт ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Клуб тиббий штаби футболчиларнинг соғлиғини хавф остига қўймаслик учун уларни реабилитация қилишда эҳтиёткорлик чораларини кўрмоқда. Яқин ҳафталарда бошланадиган Жаҳон чемпионати сабабли, "Реал Мадрид" раҳбарияти ўйинчиларни мавсумнинг сўнгги икки ҳафтасига қайтариш ниятида эмас. Асосий эътибор бразилиялик ҳимоячи ва туркиялик плеймейкерни ёзги халқаро турнирларга тўлиқ тайёрлашга қаратилган.
Ҳозирда Мадрид клуби турнир жадвалида пешқадам "Барселона"дан тўққиз очко ортда қолмоқда. Милитао ва Гулернинг йўқлиги чемпионлик пойгасида жамоанинг имкониятларини янада пасайтириши мумкин. Жамоа жума куни тунда "Реал Бетис"га қарши сафар ўйинида майдонга тушади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!