Арда Гулер жароҳати сабабли мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади

"Реал Мадрид" ҳужумкор ярим ҳимоячиси Арда Гулер тиззасидаги жиддий жароҳат сабабли жорий мавсумда бошқа майдонга тушолмайди. Клуб расмий баёнотида 21 ёшли футболчининг тикланиш муддати аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, унинг учун йил якунлангани деярли аниқ бўлиб улгурди. Бу хабар Туркия терма жамоаси учун ҳам кутилмаган зарба бўлди, чунки Гулер бўлажак жаҳон чемпионатида жамоанинг асосий умиди ҳисобланади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мадридликлар учун жорий мавсум омадсиз кечмоқда. Жамоа Чемпионлар лигаси чорак финалида "Бавария"га имкониятни бой берди, Испания кубогидан эрта чиқиб кетди ва Ла Лигада пешқадам "Барселона"дан 9 очко ортда қолмоқда. Бундай натижалар фонида бош мураббий Алваро Арбелоа мавсум якунида истеъфога чиқарилиши кутилмоқда. Гулер эса жароҳатга қадар 50 та ўйинда 6 та гол ва 14 та ассист қайд этиб, ўзининг энг яхши мавсумини ўтказаётган эди.

Туркия терма жамоаси 2002 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди ва Гулер саралаш босқичида жамоанинг етакчиси сифатида намоён бўлди. Эндиликда у АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган турнирга қадар тўлиқ тикланишга ҳаракат қилади. Туркия гуруҳ босқичида Австралия, Парагвай ва АҚШ терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
"Реал Мадрид" таркибида йўқотишлар фақат Гулер билан чекланмади. Апрель ойида оғир жароҳатдан қайтган ҳимоячи Эдер Милитао ҳам яна сафдан чиқди. Бразилиялик футболчининг сон қисмидаги янги жароҳати унинг мавсумдаги иштирокига нуқта қўйди. Бу ҳолат Бразилия терма жамоаси мураббийлар штабини ҳам хавотирга солмоқда, чунки Милитаонинг тез-тез жароҳат олиши Габриэл ва Маркинёснинг асосий таркибдаги ўрнини мустаҳкамламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!