
Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Персеполис» клубининг тезкор вингери Остон Ўруновга Европанинг катта майдонларидан яна бир йўл очилаётгани айтилмоқда. Footballi.net тарқатган маълумотларга кўра, унинг хизматига А Сериянинг қудратли клубларидан бири жиддий диққат қаратган.
Aйниқса, Al Ain International Cup яримфиналида Мисрга қарши ўйиндаги таъсирли ҳаракатлари футбол жамоатчилигида катта муҳokамаларга сабаб бўлди. Ўрунов ўша беллашувда дубл қайд этиб, ўйин тақдирини ўзгартирган асосий футболчилардан бири сифатида эътироф этилди. Мана шу ўйин унинг Европа скаутлари кўз ўнгида янада ёрқин намоён бўлишига хизмат қилди.
Маълум қилинишича, «Ювентус» ҳам Ўрунов номига бефарқ эмас. Турин клуби спорт директори Марко Оттолини ўйинчининг имкониятлари, унинг жамоавий ўйинга мослиги ва характер хусусиятлари ҳақида бевосита Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро билан суҳбат ўтказган. Бу эса қизиқиш расмий босқичга ўтаётганидан дарак беради.
Ўруновнинг карьерасидаги бу эҳтимолий қадам баъзи мухлисларда ҳайрат, баъзиларда эса ифтихор туйғусини уйғотмоқда. Чунки у 2019 йилдан бери миллий жамоа сафида ўз ўрнини топган, 2024 йилдан буён эса Эроннинг «Персеполис» каби нуфузли клубда фаолият юритиб келяпти. Майдондаги югуроқ услуби, тезкор эпизодларда қарoр топиш қобилияти ва қарама-қарши ҳимоячиларни бир неча марта ортда қолдириш маҳорати унинг трансфер қийматини ҳам барқарор сақлаб турибди.
Transfermarkt портали ҳозирда унинг баҳосини 2 миллион еврога тенг деб кўрсатмоқда. Аммо мутахассислар фикрича, агар Ўрунов А Серияга йўл олса, бу нарх реал ўйинлар ва кўрсатилган натижаларга қараб сезиларли ошиши ҳам мумкин.
Европага ўтиш масаласи ҳали расман тасдиқланмаган. Бироқ катта клублардан қизиқиш, футболчига бағишланаётган кузатувлар ва Каннаваро билан ўтказилган суҳбатлар – барчаси ҳозирда вазият жуда жиддий эканини кўрсатиб туради.
Мухлислар эса вингернинг келажакда Италия каби катта лигада қандай ўйин кўрсата олиши билан қизиқмоқда. Шу бир нарса аниқ: агар бу трансфер амалга ошса, Ўруновнинг карьерасида янги, жуда масъулиятли ва улкан имкониятларга тўла босқич бошланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.