
Собиқ "Спартак" ва СССР терма жамоаси дарвозабони Анзор Кавазашвили ФИФАнинг Жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашувчи жамоалар сонини ошириш қарорини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда у "Евро-Футбол.Ру" интернет нашрига берган интервьюсида ўз фикрларини билдирди.
"Биласизми, очиғини айтсам, ФИФА молиявий даромадни ошириш учун қўлдан келган барча ишни қилмоқда. Жамоалар сони қанча кўп бўлса, ҳомийлардан келадиган даромад шунча кўп бўлади.
Шунингдек, кўпроқ мамлакатларга трансляциялар узатилади, ва бунинг учун пул тўланади. Бу – катта маблағ ишлаб топиш учун амалга оширилаётган стратегия.
Гўёки ФИФА шундоқ ҳам жуда бой ташкилот эмасдек. Лекин ҳозирги кунда Жаҳон чемпионатига ўртамиёна мамлакатлар жуда кўп чиқмоқда.
Бу футболнинг глобал капитализациясини ошириш учун қилинган қадам. Жамоалар сони шу даражада оширилдики, учта мамлакат мусобақаларни ўтказишга бирлашди.
Агар улар бир давлатда ўтказишса, ўйинларга улгуришмайди. Бу фақат тижорат мақсадларига хизмат қилади.
Менимча, тижорат – яхши нарса. Лекин Жаҳон чемпионатида қатнашишга лойиқ бўлмаган ўртамиёна жамоалар иштирок этаётгани мени қаттиқ ранжитади.
Қайси жамоалар эканлигини айтмоқчи эмасман, чунки кимдир мендан хафа бўлишини хоҳламайман," – деди Кавазашвили. Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канадада 11-июндан 19-июлгача бўлиб ўтади.
Унда рекорд даражадаги жамоалар – 48 та терма жамоа иштирок этади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.