
ФИФА 2026 йилда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун мукофот пуллари миқдорини расман эълон қилди. Янги форматда 48 та терма жамоа иштирок этадиган мусобақа нафақат спорт нуқтаи назаридан, балки молиявий жиҳатдан ҳам тарихдаги энг йирик турнирга айланиши кутилмоқда.
Энг катта мукофот, табиийки, чемпион жамоага насиб этади. Дунё чемпиони бўлган терма жамоа 50 миллион доллар мукофот пулига эга чиқади. Бу кўрсаткич аввалги жаҳон чемпионатларига нисбатан сезиларли даражада юқори.
Финалда мағлуб бўлиб, иккинчи ўринни эгаллаган жамоа 33 миллион доллар билан тақдирланади. Учинчи ўрин соҳиби 29 миллион доллар, тўртинчи ўринда якунлаган терма жамоа эса 27 миллион доллар мукофот пулига эга бўлади.
Чорак финалгача етиб борган, яъни 5–8-ўринларни эгаллаган жамоалар ҳар бирига 19 миллион доллардан ажратилади. 9–16-ўринларда турнирни якунлаган терма жамоалар 15 миллион доллардан мукофот олади.
Плей-оффга чиқа олмаган, бироқ гуруҳ босқичида муносиб иштирок этган жамоалар ҳам эътибордан четда қолмайди. 17–32-ўринлар учун 11 миллион доллардан, 33–48-ўринларни эгаллаган жамоалар учун эса 9 миллион доллар мукофот белгиланган.
ФИФА маълумотларига кўра, бундай йирик мукофот фонди жаҳон футболида рақобатни янада кучайтириш, терма жамоалар учун мотивацияни ошириш ва турнирнинг глобал нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 2026 йилги Жаҳон чемпионати ҳақиқий футбол байрами бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.