
Рома бош мураббийи Жан Пиеро Гасперини нега фаолиятини давом этириш учун айнан Рим клубини танлагани, нега «Ювентус» вариантидан воз кечгани ҳақида очиқ изоҳ берди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, қарор ортида нафақат тактик ҳисоб-китоб, балки ички чақириқ ҳам бор.
— Нима учун «Ювентус» эмас, айнан «Рома»? Чунки бу анча мураккаб йўл эди. Мен қийинроқ вазифаларни яхши кўраман ва танловимдан мутлақо афсусланмайман. «Ювентус» — ҳар доим ўсишга қодир, кучли тузилмага эга жамоа. Уларнинг ДНКсида доим максимал даражада ўйнаш, ғалаба учун яшаш бор, — деди Гасперини.
Унинг таъкидлашича, «Рома»да эса барча нарсани нолдан қуриш, жамоани янги босқичга олиб чиқиш эҳтиёжи бор. Ана шу жараён мураббий учун энг катта мотивация ҳисобланади.
Айни пайтда римликлар мавсумни жуда ишончли ўтказмоқда. А Сериянинг 15-туридан кейин «Рома» 30 очко жамғариб, турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам «Интер»дан орқада қолиш — атиги 3 очко.
Навбатда эса принципиал тўқнашув турибди. Кейинги турда «Рома» айнан «Ювентус»га қарши майдонга тушади. Ушбу қизиқарли беллашув 20 декабрдан 21 декабрга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:45 да старт олади.
Қисқаси, Гасперини осон йўлни эмас, катта синовни танлади. Энди эса Римдаги бу қарор ўзини қай даражада оқлашини майдон кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.