
“Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ярим ҳимоячи Френки де Йонгнинг жамоа таркибидаги ҳолати юзасидан фикр билдирди. Нидерландиялик футболчи сўнгги пайтларда “кўк-анорранглилар”нинг асосий таркибидаги барқарор ўрнини йўқотган.
Журналистлар Фликдан: “Де Йонг яна асосий таркиб футболчисига айланиши учун унга нима етишмаяпти?” деб сўрашди. Мутахассиснинг таъкидлашича, у учун жамоада назорат ва барқарорлик муҳим.
Флик сўнгги учрашувларда таянч ярим ҳимоячи (“олтинчи рақам”) позициясида Эрик Гарсия ўйнаганида айнан шундай мувозанат кузатилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Де Йонг ҳам буни тушунади.
Флик Де Йонгни “Барселона” учун жуда муҳим ва фантастик футболчи деб атади. Мураббий таркибда сифат ва рақобат бўлиши барча ўйинчиларнинг максимал даражада ҳаракат қилишига ёрдам беришини қўшимча қилди.
У жамоада барчанинг тайёрлиги ва кайфияти тўғри эканини, шунингдек, жамоа салоҳиятига ишонишини таъкидлади. “Барселона” 21 декабрь, якшанба куни сафарда “Вильярреал”га қарши майдонга тушади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.