
Америкалик гроссмейстер Ханс Ниманн Номзодлар турнири олдидан кутилмаган ва бироз баҳсли фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, машҳур шахматчи Хикару Накамура ушбу мусобақада асосий фаворит сифатида кўрилмаслиги керак. Ниманннинг шахсий баҳосига кўра, бугунги кунда Синдаров анча барқарор ва кучли формада.
Сўнгги йилларда шахмат жамоатчилигида кескин чиқишлари ва мустақил қарашлари билан танилган Ханс Ниманн Накамуранинг тайёргарлик йўлини жиддий танқид қилди. Унинг фикрича, рейтинг очколарини йиғиш мақсадида нисбатан кучсиз ва ҳаваскор турнирларда кўп қатнашиш Хикарунинг умумий ўйин савиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ниманн Накамуранинг ФИДЕ расмийлари, хусусан Эмил Сутовский ҳақидаги чиқишларини ҳам танқид остига олди. У бу баёнотларда ортиқча тажовузкорлик ва профессионал спортчига ярашмайдиган оҳанг борлигини таъкидлаб, бундай муносабат катта мусобақалар нуфузига соя солиши мумкинлигини айтди.
Шахматчи, шунингдек, Накамуранинг сўнгги партияларида ҳам ишончлилик етишмаётганига эътибор қаратди. Ниманнга кўра, Хикару айрим ҳолларда куч жиҳатдан пастроқ рақибларга қарши ҳам қийналмоқда ва осон ғалабаларга эриша олмаяпти.
«Агар яқин вақт ичида жиддий ўзгариш бўлмаса, Накамурани Номзодлар турнирида асосий даъвогар сифатида кўриш қийин. Мен шахсан Синдаровни ундан устун қўяр эдим», — дея ўз фикрини очиқ баён қилди Ниманн.
Шу билан бирга, у турнирдаги бошқа кучли номзодлар сифатида Фабиано Каруана ва Праггнанандхаани ҳам тилга олди. Ниманннинг ушбу баёноти Номзодлар турнири олдидан шахмат мухлислари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.