date

Ҳусанов учун 2025 йил катта ютуқлар билан ёдда қолди

Ҳусанов учун 2025 йил катта ютуқлар билан ёдда қолди

«Манчестер Сити» ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдукодир Ҳусанов учун 2025 йил фаолиятидаги энг муваффақиятли даврлардан бири бўлди. Бу ҳақда футболчининг агенти Гайрат Хасбиуллин сўз юритиб, мижозининг қисқа вақт ичида катта босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Агентнинг сўзларига кўра, Ҳусанов учун ушбу йил ҳақиқий бурилиш нуқтасига айланди. У Франция чемпионатидаги «Ланс»дан дунёнинг энг рақобатбардош лигаларидан бири ҳисобланган Англия Премьер-лигасига йўл олди. «Манчестер Сити» каби юлдузларга бой жамоага қўшилишнинг ўзиёқ катта ютуқ бўлса, асосий таркибдан жой олиши янада муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

«Абдукодир учун бу йил жуда самарали ўтди. У янги муҳитга тез мослашди, майдонда ишончли ўйин намойиш этяпти ва энг муҳими — ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Ёш футболчи учун бу бебаҳо тажриба», — деди Гайрат Хасбиуллин.

Шунингдек, 2025 йил Ҳусанов учун миллий жамоа даражасида ҳам тарихий аҳамият касб этди. У Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, мамлакат футболи тарихидаги муҳим саҳифалардан бирига ўз ҳиссасини қўшди. Бу эса ҳимоячининг нафақат клуб, балки халқаро майдонда ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Абдукодир Ҳусанов 2025 йил январ ойида «Ланс» клубидан «Манчестер Сити» сафига кўчиб ўтган ва 2029 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартномага имзо чеккан. Жорий мавсумда у «шаҳарликлар» сафида барча мусобақалар доирасида 9 та учрашувда иштирок этди.

Мутахассислар фикрича, бундай ишонч ва ўйин амалиёти Ҳусановнинг келгуси йилларда янада мустаҳкам ўйинчига айланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ҳусанов учун 2025 йил катта ютуқлар билан ёдда қолди