
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат ҳаётида муҳим воқеа сифатида ўтмоқда. Унда давлат раҳбари юртимиз спортчилари, хусусан, шaхматчиларимизнинг халқаро майдонда қўлга киритаётган салмоқли ютуқларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Президент таъкидлаганидек, ўзбек шaхмат мактаби сўнгги йилларда жаҳон миқёсида юксак нуфузга эга бўлиб бормоқда. “Моҳир шaхматчиларимиз Жаҳон кубогида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубогининг энг ёш соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлайди”, — дея қайд этди давлат раҳбари.
Бу ютуқ нафақат якка спортчининг, балки бутун мамлакат шaхмат мактабининг самарали меҳнати ва тизимли тайёргарлиги натижаси экани алоҳида урғуланди. Ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий шарт-шароитлар яратиш сиёсати ўз мевасини бераётгани яққол сезилмоқда.
Шунингдек, президент яқинда бўлиб ўтган яна бир йирик мусобақа натижаларини ҳам алоҳида эътироф этди. Ўтган ҳафта 9–17 ёшли шaхматчилар ўртасида рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар жамоаси улкан муваффақиятга эришди. Юртимиз вакиллари ушбу нуфузли мусобақада 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мутлақ биринчи ўринни эгаллади.
Бу натижа ўзбек шaхматининг келажаги ёрқин эканини, ёш авлод орасида салоҳият ва рақобатбардошлик жуда юқори даражада эканини яна бир бор исботлади. Президентнинг таъкидлашича, бундай зафарлар ёшларни янги марралар сари руҳлантириб, мамлакат обрў-эътиборини халқаро майдонда янада мустаҳкамлайди.
Шубҳасиз, шaхматчиларимизнинг бугунги ғалабалари эртанги янада катта ютуқлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.