20:12 / 16.02.2017
4 459

Журналист Бабаянни қалам билан ўққа тутди

Журналист Бабаянни қалам билан ўққа тутди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг интервьюсини ўқиб қолдим. Яқин орада қандайдир мақола ўқиб, бундай мазза қилмагандим.

Журналистлар

Самвел ака терма жамоа ҳақидаги гаплар чуқур таҳлилга эга эмаслигидан ранжиганлар. Тўғри, ҳар кимга ҳам алам қилган бўларди. Сиз ҳам ишни комментларни ўқиш ва уларни кимгадир етказиб туришдан бошласангиз, даҳшатли вазиятга тушасиз. Ишонтириб айтаман, ранжиган бўлардингиз. Масалан мен газеталарни ҳам варақлаб кўрган бўлардим. Тўғри, бизда матбуотнинг кучи йўқдир, балки. Денисов жуда тўғри гапларни айтганди. Нима қилайлик, боримиз шу бўлса? Миллий терма жамоа мураббийидек савияли одам қаноат ҳосил қиладиган мақола ёзиш ҳар кимга ҳам эмас. Бироқ ваъда берамиз, вақти келиб ўсишга эришамиз.

Сафарларга кўп борганлари, футболчилар хатти-ҳаракатларини доимий равишда кузатганлари учун журналистлар билан учрашишга вақт топа олмас эканлар. Ҳақиқий феномен! Активист, комсомол ва шунчаки меҳнаткаш инсон. Агар Моуриньо ҳам шундай ишлаганида, бугун «Юнайтед» 6-ўринда юрмасди. Луис Энрикеда шу хислатлар бўлганида, балки «Барселона» Мадрид клубидан олдинда бўларди. Афсуски, улар журналистларга интервью бериб, мухлисларга вазиятни тушунтириб, вақтни зое кетказиш билан банд. Бу мутахассислар давлат пулига яшаб, унинг бюджетидан кун кўриб юрганида биларди вақт қадрини.

Тамойиллар

Футболни бир неча йиллардан буён кузатаман. Мен сизга айтаётган интервьюни ўқибгина аввалги мураббийлар нима сабабдан муваффақиятсиз натижалар қайд этганини тушуниб етдим. Браво, деб юбордим. Бўлар экан-ку ишласа?! Ишонмасангиз, Бабаян терма футболчилари олдига қўядиган талаблар билан танишинг:

«Ҳар бир ўйин — алоҳида тарих, яшаб ўтилган умр. Ана шу шиддатли замон футболида бизнинг танлаган йўлимиз, футбол фалсафамиз бор.
Биринчи тамойил — агрессив, яъни, тажовузкор, шунингдек, тезкор, вертикал, ҳужумкор ҳамда прессингга асосланган футбол намойиш қилиш.
Иккинчи тамойил — юқори интеллектуал футбол. Унинг ичига ўйинни ташкил қилиш, футболчиларнинг бир-бирини юқори даражада тушуниши, ўйиннинг боришига қараб тактикаларни ўзгартириш киради.
Учинчи тамойил — миллий терма жамоа манфаати. Яъни, футболчи ўз клуби билан қандай шартномага эга бўлмасин, терма йиғини ва ўйинига келганида терма манфаатларини устун қўйиши шарт. Клуб манфаати ҳеч қачон термадан устун бўлмаслиги керак!
Тўртинчи тамойил — инсоний сифатлар. Бу фақат футболчиларга тааллуқли талаб эмас. Терма жамоа лагерига қадам босган ҳар бир инсон бу талаб ва мажбуриятларга қатъий тарзда амал қилиши шарт. Терма жамоа — бу бир оила».

Шундай сўзларни учратдим интервьюда. Тасаввур қиляпсизми? Агрессив, тезкор, вертикал, горизонтал, ҳужумкор, прессингга асосланган, юқори интеллектуал футбол. Шундан сўнг яқин орада миллий терма жамоа «Барселона»дан яхшироқ ўйнашига шубҳам қолмади. Ишонинг, тез орада чиқиб оламиз шу чўққига. Фақатгина вақт бериш керак, имкон бериш керак. Яна қайси мутахассис жамоага шундай ғояларни сингдира олади, қайси бири буни футболчилар онгига қуя олади? Менимча ҳеч ким! Ва ҳеч қачон!

Меҳрибонлик

Ҳа, Бабаянда инсонийлик етарлича. «Локомотив» ва «Пахтакор»га ёрдам бериш учун терма йиғинини Туркияга кўчирдими? Кўчирди. «Амкар» билан ўйинни 12 февралдан 10 февралга сурдими? Сурди. Унинг фикрича, кўрпани ҳамма ўз томонига тортиши керак эмас. Бу эса мураббийда ўрнак олиш мумкин бўлган фазилатлар ҳам етарли эканини кўрсатади. На Қосимов ва на Абрамов шундай қилди. Бири у томонга тортди, бири бу томонга. «Пахтакор»га ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмаганди улар. Бабаян эса ундай эмас. У меҳрибон.

Яна у камтар ҳам. Йиғин ташкил қилиб бергани учун ЎФФга неча марталаб раҳмат айтди. Бу унинг вазифаси, ташкил қилиб беришга мажбур дейиши ҳам мумкин эди. Йўқ, ундай қилмади. Масалан Грузия ва «Амкар»га қарши ўйинларни шахсий муносабатлари туфайли ташкил этганди. Вайс билан яхши алоқада, шахсан ўзи гаплашган телефон орқали. Демак, марказга раҳмат айтмаса ҳам бўларди, бироқ айтди. Катта кетмади.

Донолик

Бабаянга 2016 йил ички чемпионатдаги 2 та ўйин ёққан: «Локомотив» — «Пахтакор» ва «Пахтакор» — «Бунёдкор». Бошқа ўйинлар чиндан ҳам мақташга арзигулик эмас. У шуни билгани учун ҳам асосан «Пахтакор» иштирокидаги ўйинларни кузатади. Бу ҳам ўз навбатида вақтни зое кетказмаслик учун сабаб бўлади. Унинг ўрнида бошқаси бу қадар аниқ прогноз қила олмаган бўларди.

Мураббий танқиддан қўрқмаслигини рўй-рост айтди. Шундай бўлиш керак. Бу мардлик, бу жасурлик. «Соккер клуб» танқид қиладими, uff.uz ми, фарқи йўқ, туриб беради ҳаммасига. Унинг ўрнида бошқаси бўлганида «дод» деб юборган бўларди. Лекин у ҳақиқий эркак кишиларга ўхшаб чидайди. Чунки ишлаяпти, ишлаётганларни эса танқид қилишади.

Трансфер

Сергеевга ҳам қойил қолиш керак. Бабаяннинг илтимосига кўра «Пахтакор»га қайтиб келган экан. Терма жамоа бир оила бўлгач, мухлислар уни ичига киролмагач, шунча нарсадан бехабар қолганмиз. Бир оғиз сўз билан қайтарган, қойилмисиз? Нега кетаётганида олиб қолмагани ҳақида айтмаган. Ҳафа бўлади, деб ўйлагандир балки. Йўқса «Бейцзин Гоан» қолишини роса сўради. Аэропортга чиқиб, тиз чўкиб ялинди. Бошқа клублардан ҳам яхшигина таклифлар бўлса-да, ортга қайтарди Бабаян. Олдинги ҳолатига қайтариш учун. Кўряпсизми, ҳаммаси терма манфаатлари учун. Умид қиляпти, аввалги формасини тиклаб, яна голлар уришига. Тикламаган ҳолатидаки шунча таклифлар бўлмоқдами, демак биз бундай ҳужумчини асрашимиз керак.

Машариповни айтмайсизми? «Пахтакор» энг асосий футболчисини ашаддий рақибига бериб юборди. Бабаян шу ерда ҳам жамоасини ўйлади, «бу фақатгина терма жамоа манфаатлари учун хизмат қилади. Чунки «Локомотив» Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди-да», деди. Менимча Машариповни Қатар ёки бошқа мамлакат клублари сотиб олса, пулини ҳам терма жамоа марказига ўтказдириб берса керак. Ахир ватан манфаати ҳар нарсадан устун.

Айтайлик, Бабаян Сергеев, Ҳошимов, Соҳибов, Лобанов, Андреев каби футболчиларни ҳам терма манфаатлари учун «Локомотив»га жон деб бериши мумкин эди. Бироқ афсуски, ўз манфаатларини устун қўйган «темирйўлчилар» фақатгина Машариповни сўради.

Ўкинч

Одил Аҳмедов ҳақида савол берилганида Бабаян қўрқмасдан жавоб берди — «Одил янада кучли бўлади». Мана ҳақиқий ишонч, ҳақиқий далда. Икки-уч ҳафта олдин унинг номидан кимдир Одил ҳеч қаерга кетмайди, «Краснодар»да қолади деб ёзиб юборибди. Яхшими энди шу? Нима кераги бор бировнинг номидан гапириб, фикр билдириб?

Суҳбат уюштирган журналист ҳам сеҳрланиб қолди Бабаяннинг гапларидан. Охири сўради, балки сизнинг даврингизда Эрон ва Жанубий Кореяни мағлуб этармиз деб. Мана шу онда Самвел ака бироз ўкинч билан айтган: «бизда ўша савиядаги ўйинчилар йўқ. Лекин ўйинни ташкил қилиш борасида биз номдор рақибларга ютқазмадик». Тўғри айтган, ўйин тенг бўлган. Шунчаки эронликлар дарвозасига битта ҳам аниқ зарба беролмаганмиз холос. Қолган ҳамма жабҳада тенг ўйнаганмиз. Мардонавор тўп сурганмиз.

Хулоса

Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, улар шунчаки даҳо. Балки шунинг учун бўлса керак, на одамлар уни тушунади ва на у одамларни. Жордано Бруно Қуёш Ер атрофида эмас, Ер Қуёш атрофида айланади дегани учун уни кўра олишмаганди.

Бабаян ҳам шундай. Унинг фикрлаши, дунёқараши, IQ’сига етиб боришга анча қовун пишиғи бор ва биз уни тушуна олмаяпмиз. Бунда уни айблаш адолатдан эмас. Вақти келиб унинг фикрлари ва асарлари келажак авлод учун ҳам хизмат қилажак.

Диёр Имомхўжаев,
«Эрудит СПОРТ» газетаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Журналист Бабаянни қалам билан ўққа тутди