"C" гуруҳида оғир жанглар: мураббийлардан биринчи сигнал қандай бўлди?

U-23 Осиё Кубоги “C” гуруҳи 1-тур учрашувлари арафасида Ўзбекистон, Ливан, Корея ва Эрон терма жамоалари мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда жамоаларнинг кайфияти, тайёргарлик жараёни ва биринчи учрашувларга бўлган ёндашуви очиқ-ойдин сезилди: бу гуруҳда “осон ўйин” деган тушунча йўқ.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси номидан бош мураббий Равшан Ҳайдаров ҳамда футболчи Саидумархон Саиднуруллаев иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Шу билан бирга, гуруҳдаги бошқа жамоалар устозлари ҳам биринчи тур олдидан ўз қарашларини билдиришди.
Корея: “Биринчи ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга”
Корея терма жамоаси бош мураббийи Ли Мин Сон Эронга қарши дастлабки тўқнашув ўта жиддий кечишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, жамоа майдонда бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишга, бир-бирини қўллаб-қувватлаб ўйнашга уринмоқда. Ли Мин Сон Эронни жуда кучли рақиб сифатида эътироф этар экан, “ютуққа эришиш учун биринчи ўйинга максимал эътибор бериш шарт”, деган фикрни алоҳида урғулаб ўтди.
Корея устози гуруҳ баҳслари ўйиндан ўйинга янада мураккаблашиб боришини ҳам айтди. У Эроннинг учрашувлари таҳлил қилинганини, айниқса ҳужум чизиғи кучли ва яхши шаклланган жамоа эканини қайд этди. Шу билан бирга, Корея ҳам муносиб жавоб бериши кераклиги, имконият бўлса ҳисобни биринчи бўлиб очиш муҳимлиги таъкидланди.
Тайёргарлик ҳақида гапириб, Ли Мин Сон жамоаси турнир олдидан 6 та ўйин ўтказгани, ўша баҳслар орқали камчиликларни топиб, тузатиш устида ишлаганини айтди. Унинг фикрича, жамоа ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан етарлича тайёр ҳолатга келган.
Эрон: “Рақибни ҳурмат қиламиз, аммо жанг таклиф этамиз”
Эрон терма жамоаси бош мураббийи Омид Раванҳаҳ аввало мезбон томонга миннатдорлик билдирди ва гуруҳда ҳурматга сазовор жамоалар жам бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, биринчи учрашув — Кореяга қарши баҳс ва унга қаттиқ тайёргарлик кўрилган.
Раванҳаҳ Кореяни доим кучли жамоа бўлиб келганини тан олди, бироқ Эрон ҳам ўз режасига содиқ қолиб, ўйинчилар имкониятидан келиб чиқиб ҳаракат қилишини билдирди. “Рақибни ҳурмат қиламиз, аммо жанг таклиф этамиз”, деган ибора Эроннинг майдонда пассив бўлмаслигини англатиб турди.
У шунингдек, гуруҳдаги ҳар бир жамоа ўз услубига эга эканини, демак олдинда оғир тўқнашувлар турганини ҳам яширмади. Кореяга қарши баҳсда энг яхши ўйинни кўрсатиш мақсад қилиб қўйилгани айтилди.
Ливан: “Ўзбекистон гуруҳдаги энг кучлиси”
Ливан терма жамоаси бош мураббийи Жамол Таҳа ташкилотчилик масаласида мезбонларга раҳмат айтди ва сўнгги 10 кун давомида режа асосида тайёргарлик олиб борилганини қайд этди. У Ливан сафида нафақат мамлакат ичида, балки четда тўп тепадиган муносиб футболчилар борлигини, муваффақият учун имконият мавжудлигини билдирди.
Журналистлар “Ўзбекистон Осиёда кучли, Ливан эса мусобақада илк бор қатнашяпти” деган мазмундаги савол берганда, Жамол Таҳа тўғридан-тўғри тан олди: гуруҳдаги энг кучли жамоа — Ўзбекистон.
У Ўзбекистоннинг 2018 йилда чемпион бўлгани, 2024 йилда эса финалга чиққанини эслатиб ўтди. Шу билан бирга, Ливан ҳам “энг яхши ўйинини кўрсатишга уринишини”, Таиландда машғулотлар ўтказиб, кейин Саудия Арабистонига етиб келганини айтди. “Мутлақо имконсиз нарса йўқ”, деган ишонч ҳам анжуманда янгради.
Таҳа тайёргарлик учун вақт оз бўлганини ҳам яширмади, бироқ мураббийлар футболчиларнинг имкониятини яхши билгани, жамоа ўзини кўрсатишга уринишини таъкидлади.
Ўзбекистон: ишонч бор, мақсад — юқори натижа
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров анжуманда аввало мусобақада иштирок этишдан хурсанд эканини айтди. У ташкилотчилик даражаси юқорилигини қайд этиб, ОФК ва маҳаллий ташкилий қўмитага миннатдорчилик билдирди ҳамда барча жамоаларга омад тилади.
Ҳайдаровнинг фикрича, гуруҳда кучли жамоалар тўпланган: уларнинг тажрибаси ва имкониятлари маълум. Шунга қарамай, жамоа ёш таркиб билан иштирок этаётган бўлса ҳам, мураббий ўз шогирдларига ишонади. У футболчилар билан суҳбатда ушбу турнир улар учун “кўприк” вазифасини ўташини ҳам айтиб ўтган.
Саидумархон Саиднуруллаев эса тайёргарлик жараёни яхши ўтганини таъкидлади: аввал Тошкентда, кейин Қатарда йиғин бўлган, адаптация етарли даражада кечган. Унинг сўзларига кўра, асосий мақсад — мусобақада муносиб иштирок этиш ва юқори натижа қайд этиш.
Хулоса шу: “C” гуруҳи ҳақиқий текширув майдонига ўхшаяпти. Корея биринчи ўйинни ҳал қилувчи деб билаяпти, Эрон “жанг” кайфиятида, Ливан Ўзбекистонни гуруҳ фаворити сифатида очиқ тан олди, Ўзбекистон эса ишонч ва мақсад билан турнирга кириб келяпти. Энди ҳаммасини майдон ҳал қилади — гап кўп, аммо 90 дақиқа ҳаммасини жойига қўяди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!