Артета "Манчестер Юнайтед"нинг кучли томонларини айтиб берди

Лондоннинг «Арсенал» жамоаси бош мураббийи Микель Артета дам олиш кунлари бўлиб ўтадиган «Манчестер Юнайтед»га қарши тўқнашув олдидан ушбу ўйин ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассиснинг сўзларига кўра, манкунианлар баъзи вазиятларда жуда хавфли кўринишга киради — айниқса, тезликка ўтиш имконияти пайдо бўлса.
Артета «Манчестер Юнайтед»нинг кучли жиҳатларини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, рақиб сафида айрим футболчиларга кенг жой қолиб кетса, улар тезликда “учиб” кетади ва бир лаҳзада ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин.
«Улар кўп жиҳатдан жуда кучли. Айниқса, тезликка ўтиш имконияти пайдо бўлганда, айрим футболчилари югуриб кетиш учун шароит топса, ўта хавфли бўлиб кетади. Буни сиз бир неча кун олдин Манчестердаги ўйинда ҳам кўрдингиз», — деди «Арсенал» устози.
Шу билан бирга, Артета ҳар қандай жамоада заиф нуқталар ҳам бўлишини эслаб ўтди. У «Манчестер Юнайтед» тарихи, умуман, қарши ҳужумлар ва тезлик билан боғлиқ эканини таъкидлаб, бу клубда доим шундай услубга мос футболчилар ўйнаганини қайд этди.
«Уларда рақибга муаммо туғдира оладиган кўплаб жиҳатлар бор. Шу билан бирга, ҳар бир жамоанинг ўз заиф томонлари ҳам бўлади. "Манчестер Юнайтед" ўйини тарихан қарши ҳужумлар билан боғлиқ ва бу жамоада доим тезлик билан югуриб кетишни жуда яхши биладиган футболчилар ўйнаган», — деди у.
Артета аниқ рақамларни келтирмаган бўлса-да, бир нарсага ишончи комиллигини айтди: «Манчестер Юнайтед» бу жиҳатдан энг кучлилар қаторида. Яъни, лондонликлар учун асосий вазифа — рақибга “йўлак” қолдирмаслик, орқа чизиқдаги хавфли бўшлиқларни ёпиш ва ўйин назоратини қўлдан чиқармаслик.
Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги баҳс 25 январь куни бўлиб ўтади. Мухлислар эса аллақачон “катта афиша” кайфиятида: чунки бу тўқнашувда одатда бир лаҳза ҳам зерикишга вақт қолмайди — айниқса, қарши ҳужумлар ишга тушса.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!