Tata Steel Chess 2026: Икки ўзбекистонлик шахматчи етакчилик қилмоқда

Шахмат оламидаги энг обрўли мусобақалардан бири бўлган Tata Steel Chess 2026нинг 11-тури якунига етиб бормоқда. Энг қувонарлиси — бу тур ҳам бизникилар учун кайфиятли ўтди: ҳамюртларимиз ижобий натижа қайд этиб, юртимиздаги шахмат ишқибозларини хурсанд қилди.
Аввало, Нодирбек Абдусатторов қора доналарда мезбон Жорден ван Форестга қарши дуранг ўйнаб, пешқадамликни сақлаб қолди. Бундай пайтда “1 очко олсам бўларди” деган иштиёқ ҳам чиқади, лекин қорада таваккал қилиш — баъзан ўз қўлинг билан ўзингга “провал” қазиш билан баробар. Шунинг учун Нодирбек учун дуранг бу турда жуда оқилона, ҳисоб-китобли қарор бўлди.
Куннинг энг ёрқин хабари эса Жавоҳир Синдаровдан келди. У ҳиндистонлик Аржун Эригаисини мағлубиятга учратди — ва бу ғалаба, ростдан ҳам, турнирга янги драматургия қўшди.
Қарийб беш ярим соат давом этган баҳсда Синдаров қора доналарда жуда чидамли ва аниқ ўйин кўрсатди. Дастлабки соатларда ҳар икки тараф ҳам тартибли, “бузиб ташлайман” деган шошма-шошарсиз ҳаракат қилди. Лекин рақибнинг биттагина майда хатоси Жавоҳир учун етарли бўлди: айниқса, вақт танқис бўлган паллада Эригаиси кетма-кет бир неча адашишларга йўл қўйиб, охир-оқибат партияни бой берди. Шахматда баъзан айнан шу — бир лаҳза, бир қарор — ҳаммасини ўзгартириб юборади.
Натижада Синдаров очколари сонини 7 тага етказиб, Абдусатторов билан тенглашиб олди. Энди турнир охирида очколар тенг бўлиб қолса, иккиси ўзаро ўйинни дуранг билан якунлагани сабабли чемпион тай-брекларда аниқланиши мумкин. Аммо бундай сценарийга етиб келиш учун ҳам бир шарт бор: Нодирбек ҳам, Жавоҳир ҳам олдиндаги икки турда ижобий натижаларни ушлаб қолиши керак бўлади.
Яна бир эътиборли факт: Жавоҳир Синдаров ҳозирча турнирда мағлубият нималигини билмаган ягона ўйинчи бўлиб турибди. У 11 та баҳсда 8 та дуранг ва 3 та ғалабани қайд этди. Бундай барқарорлик — финалгача “нервни сотмай” бориш дегани.

Қисқаси, турнирнинг энг қизиқ жойи энди бошланяпти: икки ўзбек шахматчиси тепада елкама-елка турибди. Энди ҳар бир партия — худди финал. Мухлислар учун эса вазифа оддий: дуо + сабр. Чунки охирги икки турда нервлар Netflix’дан ҳам қизиқроқ бўлади.