«Ювентус» ҳали сотиб олмаган ҳужумчини сотмоқчи

Туринликлар 25 ёшли белгиялик ҳужумчи Луи Опендани мавсумни камида 10-ўринда якунласа, мажбурий тарзда тўлиқ трансфер қилади. Футболчининг ҳуқуқлари ҳозирча Германиянинг «РБ Лейпциг» клубига тегишли. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Ювентус» айни пайтда турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда ва кескин пасайиб кетиши эҳтимоли паст. Шундай экан, клуб Опенда учун 40,6 миллион евро тўлашига тўғри келади.
Calciomercato хабарига кўра, бош мураббий Спаллетти ҳужумчининг ўйинидан унча мамнун эмас: Опенда барча турнирларда 31 учрашувда атиги 2 бор гол урган. Шу сабаб «Ювентус» ёзги трансфер ойнасида футболчини жамоа таркибидан чиқариб юбориш йўлини изламоқда.
Опенда аввалроқ «Ланс», «Витессе» ва «Брюгге» сафида тўп сурган. Белгия терма жамоасида эса 27 ўйинда 3 гол муаллифи бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!