date

Шон Дайчнинг "Ноттингем Форест"дан ҳайдалиш сабаби маълум бўлди

Шон Дайчнинг "Ноттингем Форест"дан ҳайдалиш сабаби маълум бўлди

"Ноттингем Форест" бу мавсумда Англия Премьер-лигасида жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалардан бирига айланиб қолди. Натижалар қониқарсиз бўлгани сабаб раҳбарият яқинда бош мураббий Шон Дайч билан хайрлашганди. Энди эса муаммонинг “ичкарисида” нималар бўлгани ҳақида янги тафсилотлар пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, жамоадаги асосий синиш нуқтаси — футболчиларнинг устозга бўлган ишончи йўқолгани. Ишончи сўнган жамоада эса курашувчанлик ҳам, бир-бири учун майдонда “ўлиш” кайфияти ҳам тез тушиб кетади. Ва бу ҳолат “ўрмончилар”да ҳам сезиларли даражада кўринган.

Daily Mail Sport хабарига кўра, Дайч келган дастлабки пайтда футболчилар унинг тўғри чизиққа қурилган, содда ва интизомли ўйин услубини ёмон қабул қилмаган. Чунки баъзан жамоага айнан шундай “тартиб” керак бўлади: ким қаерда туриши, қандай қайтиши, тўп йўқ пайтда қандай ҳаракат қилиши — ҳаммаси аниқ.

Лекин натижалар пастлай бошлагач, табиий савол туғилган: “кейинги қадам қаерда?” Яъни, рақиблар сизни ўқиб бўлгач, сизда янги ғоя, янги ечим, янги “Б” режа борми-йўқми? Манбада айтилишича, айнан шу масалада футболчиларда шубҳа кучайган.

Энг кўп тилга олинган жиҳат — машғулотлар мазмуни. Дайч асосан югуриш, жисмоний тайёргарлик ва қаттиқ меҳнатга катта урғу берган, аммо ўйин деталлари, тактик тайёргарлик, рақибга қарши махсус ечимлар етарлича ишланмагани ҳақида гаплар бор. Қисқаси, “бензин бор, лекин навигатор йўқ” дегандек ҳолат: жамоа чопади, курашади, аммо қаерга ва қандай мақсадда — бу ҳар доим ҳам аниқ сезилмай қолган.

Дайч “ўрмончилар”ни 2025 йил октябрида қабул қилиб олгани, аммо 2026 йил февралига келиб ҳам катта бурилиш ясай олмагани қайд этиляпти. Шу сабаб, юқори ўринлар учун курашиши кутилган жамоа ҳозир Премьер-лигада қолиш учун жанг қилишга мажбур.

Энди “Ноттингем Форест” олдида икки вазифа бор: биринчи — кийиниш хонасидаги ишончни қайта тиклаш, иккинчи — майдондаги ўйинга аниқ ғоя қайтариш. Чунки пастга тушиш зонасида “шунчаки ҳаракат” камлик қилади — у ерда ҳар тур финал, ҳар қарор тақдир масаласи. Мухлислар эса бир нарсани истайди: жамоа ўзини йўқотиб қўймасин, қолган ўйинларда ҳақиқий характер кўрсатсин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Шон Дайчнинг "Ноттингем Форест"дан ҳайдалиш сабаби маълум бўлди