Плей-оффнинг илк баҳсида «Галатасарой» «Ювентус»ни 5:2 ҳисобида енгди

Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи биринчи учрашуви ҳақиқий голлар фестивалига айланди. «Галатасарой» ўз майдонида «Ювентус»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, жавоб баҳси олдидан катта устунликни қўлга киритди.
Ўйин бошиданоқ суръат юқори бўлди: мезбонлар 15-дақиқада Саранинг голи билан ҳисобни очгани ҳамон, туринликлар 16-дақиқада Копмейнерс орқали дарҳол жавоб қайтарди. Шу билан драмалар тугамади: 32-дақиқада Копмейнерс яна бир бор нишонни аниқ топиб, «Юве»га умид берди. Лекин «Галатасарой» бу кеча ҳеч кимга “танаффусда ўзингни йиғиб ол” деган имконият қолдирмади.
Иккинчи бўлимда мезбонлар бутунлай очилди. Ланг 49-дақиқада ҳисобни ўзгартирди, 60-дақиқада Санчес “темирни қизиқ вақтида босиб” устунликни мустаҳкамлади. Энг қизиғи, 75-дақиқада Ланг дубл расмийлаштириб, стадионни портлатди десак ҳам бўлади. Учрашувнинг сўнгги нуқтасини эса 86-дақиқада Боэ қўйди — 5:2.
Баҳс тақдирига таъсир қилган эпизодлардан бири 67-дақиқада рўй берди: Кабал четлатилди. Шундан кейин «Ювентус» учун вазият янада оғирлашди, «Галатасарой» эса босимни пасайтирмади.
Энди барча эътибор жавоб ўйинига қаратилган. Иккинчи баҳс 26 февралга ўтар кечаси Туринда бўлиб ўтади. «Ювентус» уйда мўъжиза қидиради, «Галатасарой» эса илк ўйиндаги улкан зафарни йўққа чиқармасликка ҳаракат қилади. Қисқаси, иккинчи серияси “кайф” бўлиши аниқ — фақат нервларингиз тайёр бўлсин.
Қисқа маълумот
ЕЧЛ плей-офф
«Галатасарой» – «Ювентус» 5:2
Голлар: Сара 15, Ланг 49, 75, Санчес 60, Боэ 86 — Копмейнерс 16, 32.
Галатасарой – Чақир, Якобс, Санчес, Шаллаи, Сара, Акгюн (Сане, 70), Торрейра, Бардакчи (Синго, 77), Осимҳен, Йилмаз (Икарди, 77), Ланг.
Ювентус – Ди Грегорио, Бремер (Гатти, 34), Локателли, Келли, Консейсау (Костич, 70), Копмейнерс, Йилдиз, Калулу, Тюрам, Маккенни, Камбязо (Кабал, 46).
Огоҳлантиришлар: Бардакчи 43 – Камбязо 18, Спаллетти, 37, Кабал 59.
Четлатиш: Кабал 67.