"Странджа" турнири. 1-дастур жангларида қандай натижалар қайд этилди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- “Странджа” турнирининг 1-дастурида Феруза Казакова ва Самандар Олимов рақибларини 4:1 ҳамда 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
- Гулсевар Ғаниева, Ойша Тоирова, Узукжамол Юнусова ва Абдулазиз Абдуназаров эса ўз жангларида 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
- Бугун Ўзбекистон вакиллари иштирокидаги 2-дастур жанглари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Болгариянинг София шаҳрида анъанавий 77-чи “Странджа” халқаро турнири қизғин давом этмоқда. Бугун 11 нафар йигит-қизларимиз рингга чиқиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирча куннинг 1-дастур жанглари якунланди. Дастлабки баҳслар бироз аламли, бироз қувончли кечди: айрим вакилларимиз номдор рақибларига қарши муносиб кураш кўрсатса-да, ғалаба учун етарли бўлмади. Аммо Феруза Казакова ва Самандар Олимов ишончли натижа қайд этиб, мухлисларни қувонтирди.
1-дастур натижалари
-51 кг: Гулсевар Ғаниева — Махи Клотзер (Германия) 0:5
Гулсевар жанг давомида тинимсиз ҳаракат қилди, айрим эпизодларда яхши зарбалар ҳам чиқди. Лекин немис боксчисининг аниқлиги ва устунлиги ҳал қилувчи бўлди. Натижада вакиламиз очколар бўйича 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
-51 кг: Феруза Казакова — Жениффер Лозано (АҚШ) 4:1
Куннинг энг ёқимли хабарларидан бири. Муросасиз кечган тўқнашувда Феруза аниқроқ ишлади, зарбаларни “ўткир” етказди, вазиятни совуққонлик билан бошқарди. Оқибатда 4:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
-70 кг: Ойша Тоирова — Лекейша Перголити (Австралия) 0:5
Ойшага рақиб сифатида жуда номдор боксчи тўғри келди — Ливерпулдаги жаҳон чемпионати кумуш медали соҳибаси. Тоирова ҳаракатсиз қолмади, муносиб қаршилик кўрсатди, аммо тажриба ва класс фарқи ўз сўзини айтди — 0:5.
-54 кг: Узукжамол Юнусова — Айсен Таскин (Туркия) 0:5
Узукжамол бор кучини ишга солди, бир неча аниқ зарбалар ҳам ўтди. Лекин рақибнинг темпи ва ҳукмронлиги юқори бўлди. Натижа — 0:5.
-55 кг: Абдулазиз Абдуназаров — Баглан Кенжибек (Қозоғистон) 0:5
Абдулазиз ғалабани ўз томонига буриш учун ҳаракат қилди, тезкорлик ва аниқлик йўналишида ёмон кўрсаткичлар ҳам кўринмади. Аммо очколар бўйича етарли бўлмади ва у 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.
-55 кг: Самандар Олимов — Али Эл Сари (Германия) 5:0
Самандар бугун мусобақадаги иккинчи жангини ҳам жуда ишончли ўтказди. Германиялик рақибига деярли имконият қолдирмади, темпни ўзи белгилади, зарбаларда устун бўлди ва 5:0 ҳисобида “тоза” ғалаба қайд этди.
Олдинда 2-дастур
Эслатиб ўтамиз, бугун ҳали 2-дастур жанглари ҳам бор. Унда ҳам бир қатор чарм қўлқоп усталаримиз рингга чиқиши режалаштирилган. Демак, ҳали асосий интригалар олдинда.
Маълумот Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан тақдим этилди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…