Хосеп Гвардиола икки ўйинга дисквалификация қилинди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия кубоги доирасида «Нюкасл»га қарши кечган баҳсда ҳакамлар билан тортишиб қолгани сабабли икки ўйинга дисквалификация қилинди. «Сент-Жеймс Парк» стадионида ўтган учрашувда испаниялик мутахассис «Нюкасл» ҳимоячиси Киран Триппиернинг Жереми Докуга нисбатан ишлатган қўпол ҳаракатидан норози бўлиб, захира ҳаками билан кескин баҳсга киришди. Ушбу вазиятдан сўнг бош ҳакам Гвардиолага сариқ карточка кўрсатди.
Бу жорий мавсумдаги олтинчи огоҳлантириш бўлиб, қоидаларга кўра мураббий икки ўйинга четлатилди. Мазкур жазо Премер-лига ва Англия кубоги учрашувларига татбиқ этилади. Шу боис, Гвардиола «Вест Ҳем»га қарши чемпионат ўйини ҳамда Англия кубоги чорак финалида жамоасини бевосита майдон четидан бошқара олмайди. Бироқ 22 март куни бўлиб ўтадиган Лига кубоги финалида у ўз ўрнида бўлиши мумкин, чунки дисквалификация ички кубок финалига таъсир қилмайди.
Ўзига хос услубда изоҳ берган Гвардиола бу ҳолатни ҳазиломуз қабул қилди. У «Манчестер Сити» билан барча рекордларни янгилаганини ва эндиликда мураббийлар орасида энг кўп сариқ карточка олган мутахассисга айланганини таъкидлади. «Мен барча рекордларни хоҳлайман ва бунга ҳам эришдим. Энди икки ўйин давомида дам оламан», — дея қўшимча қилди у. Шунингдек, мураббий ўз футболчиларини ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилишда давом этишини ва ҳакамларнинг баъзи қарорларини тушуниш қийинлигини билдириб ўтди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!