Ҳусанов Манчестерда эътироф этилди: камтарлик ва маҳорат уйғунлиги...

Қозоғистонлик журналист Олжас Байбосин Англияга сафар қилиб, “Манчестер Сити” сафида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди. Бу мулоқот нафақат икки халқ ўртасидаги илиқ муносабатларни, балки футбол орқали шаклланаётган яқинликни яна бир бор намоён қилди.
Журналист ўзининг Instagram саҳифасида УЕФА Чемпионлар лигаси доирасидаги «Реал»га қарши учрашув чоғида Ҳусанов билан тушган фото ва видеоларни жойлади. Унда ўзбекистонлик ҳимоячи меҳмонга имзоси туширилган футболкасини совға қилгани акс этган. Бу кичик, аммо самимий жест мухлислар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Байбосиннинг таъкидлашича, Ҳусанов нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам жуда содда ва камтар инсон. Унинг сўзларига кўра, учрашувни ташкил этиш осон кечган — футболчи ҳеч қандай ортиқча расмиятсиз розилик билдирган. Айниқса, Ҳусановнинг отаси Ҳикмат аканинг “қозоқлар ва ўзбеклар биродар халқлар” деган сўзлари журналистда катта таассурот қолдирган.
- Абдуқодир — оддийлик ва камтарлик рамзи! Биз Манчестерга келиб, учрашиб суҳбатлашиш имкониятини сўраганимизда, у “яхши” деб жавоб берди.
Абдуқодирнинг отаси Ҳикмат акага катта раҳмат, у “Олжас, хавотир олма, биз қозоқлар ва ўзбеклар — биродармиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак” деди. “Сенда билет борми?” деб сўради, бу жуда самимий бўлди, - деб ёзди журналист ўз Instagram саҳифасида.
Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати — Ҳусановнинг юқори даражадаги ўйини. Гарчи «Манчестер Сити» мазкур баҳсда мағлуб бўлган бўлса-да, ҳимоячи ўз позициясида ишончли ҳаракат қилди. Буни халқаро экспертлар ҳам тан олмоқда.
Жумладан, қозоғистонлик спорт шарҳловчиси Дидар Есемов Ҳусановнинг ҳаракатларига юқори баҳо берди. Унинг фикрича, ўзбек футболчиси жамоа ҳимоя чизиғида энг барқарор ўйин намойиш этган футболчилардан бири бўлган. Айниқса, у маълум вақт давомида Винисиус Жуниор каби тезкор ва хавфли ҳужумчини самарали тўхтатиб туришга эришгани алоҳида эътироф этилди.
- Менинг фикримча, Ҳусанов ушбу ўйинда “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғидаги энг яхши ўйинчилардан бири бўлди. Унинг ҳимоядаги икки шериги анча эрта алмаштирилди, Райан Айт-Нури эса кўпроқ ҳужум ҳаракатларига эътибор қаратди. Ҳусанов маълум вақт давомида Винисиус Жуниорни самарали тўхтатиб туришга муваффақ бўлди, албатта, 90 дақиқа давомида бундай вазиятлар бўлиши табиий ва барибир бразилияликда имкониятлар юзага келди, - деди Дидар Есемов.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай юқори савиядаги ўйинлар ёш футболчининг келажаги порлоқ эканини кўрсатади. Албатта, бутун жамоа ўйини мураккаб кечган вазиятда ҳам Ҳусанов ўз даражасини сақлаб қолгани унинг профессионаллик даражасини намоён қилади.
- Умуман олганда, ўйин ёмон ўтмади, аммо Ҳусановнинг ўйинини, албатта, бутун жамоа ўйини контекстида баҳолаш керак. Бу шароитда “Сити”га объектив жиҳатдан жуда қийин бўлди. Агар алоҳида ўзбек ҳимоячисини ажратиб кўрсак, менинг фикримча, унинг перформанси ушбу ўйинда “Манчестер Сити” таркибидаги энг яхшилардан бири бўлди, - деди Дидар Есемов.
Маълумот ўрнида, 22 ёшли Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январ ойида Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га кўчиб ўтган эди. У бу орқали нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё футбол тарихида Англия Премер-лигасида тўп сурган илк футболчилардан бирига айланди.
Шу тариқа, Ҳусанов нафақат ўз ўйини, балки инсоний фазилатлари билан ҳам мухлислар қалбидан жой олишда давом этмоқда. Агар шу темпда кетса, келажакда уни янада катта майдонларда кўришимиз ҳеч гап эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!