Реднапп: Арсенал финалда дарвозабон танловида жиддий хатога йўл қўйди

Собиқ футболчи ва эксперт Жейми Реднапп Англия Лига кубоги финалида "Арсенал"нинг "Манчестер Сити"га 0:2 ҳисобидаги мағлубияти юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Учрашув тақдирини “шаҳарликлар” ҳимоячиси Нико О'Райли ҳал қилди — у 60 ва 64-дақиқаларда икки марта дарвозани ишғол этиб, жамоасига ғалаба келтирди.
Реднапп фикрича, “Арсенал”нинг финалдаги асосий хатоларидан бири дарвозабон танлови бўлган. “Одамлар Кепа аввалги босқичларда ўйнагани учун финалда ҳам майдонга тушиши керак, дейишади. Лекин у Давид Райя каби даражада эмас. Шунинг учун у иккинчи рақамли дарвозабон. Савол туғилади: нима учун шундай муҳим финалда биринчи рақамли дарвозабонни танламайсиз? Бу жиддий хатодир. Мураббий бу қарор учун жавобгарликни олиши керак”, — деди у.
Шунингдек, у Кепа Аррисабалага ва Давид Райя ўртасидаги фарққа ҳам урғу берди: “Кепа — яхши дарвозабон, аммо Райя ундан устун. Ҳа, кимдир Жеймс Траффорд “Сити”нинг асосий дарвозабони эмас, дейиши мумкин, лекин у учта ҳал қилувчи сэйвни амалга оширди ва кейин ўйинда катта босимга дуч келмади”.
Маълумот ўрнида, Кепа Аррисабалага жорий мавсумда Премьер-лигада ҳали бирорта ўйинда иштирок этмаган, асосан кубок баҳсларида майдонга тушган. Бу эса финалдаги танлов янада кўпроқ баҳсларга сабаб бўлмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!