Ўзбекистонда футбол клублари ишончли бошқарувга берилади

Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантириш ва молиялаштириш тизими янги босқичга кўтарилди. Президентнинг 2026 йил 24 мартда қабул қилган ПҚ–107-сонли қарори спорт соҳаси учун замонавий молиявий механизмларни жорий этиш ва тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирларини белгилади. Бу ўзгаришлар спорт соҳасида инвестицияларни ошириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш ва умумий самарадорликни юксалтиришга қаратилган.
Қарорга кўра, Спорт вазирлиги ҳузурида Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Мазкур жамғарма орқали янги лойиҳалар молиялаштирилади ва амалиётда қўллаб-қувватланади. Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб спорт федерациялари ва уюшмаларнинг йиллик харажатларининг камида 20 фоизи миқдоридаги ҳомийлик маблағи киритган тадбиркорлар уларнинг ижро органларига жалб этилади.
Профессионал футбол клублари фаолиятида ҳам янги амалиёт жорий қилинади: йиллик харажатларнинг камида 20 фоизи миқдоридаги ҳомийлик маблағини таъминлаган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳи клубни ишончли бошқарувга олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ўз навбатида клубларнинг молиявий барқарорлигини таъминлайди ва бошқарув самарадорлигини кучайтиради.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан 2029 йил 1 апрелгача Суперлига ва Пролигада иштирок этувчи футболчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкасида енгилликка эга бўлади. Бу ўзгаришлар хусусий секторни кенг жалб қилиш, инвестицияларни ошириш ва футбол клубларининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги молиялаштириш ва ҳомийлик тизими спорт соҳасини қўллаб-қувватлаш ва жаҳон стандартларига мос равишда ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, мухлислар ва инвесторлар учун катта имкониятлар очмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!