Ламин Ямал стадиондаги ҳақоратли қичқириқларни қатъий танқид қилди

«Барселона» ва Испания миллий жамоаси вингери Ламин Ямал Испания ҳамда Миср ўртасидаги дўстона ўйинда (0:0) содир бўлган ҳақоратли қичқириқлар ҳақида фикр билдирди. Беллашув Барселона шаҳрида бўлиб ўтди. Тахминан 20-дақиқада мухлисларнинг бир қисми «Ким сакрамаса, у мусулмон» деган қичқириқларни янгратди, баъзи томошабинлар эса шу қичқириққа мос равишда сакрай бошлади.
Ямал ўз фикрида таъкидлади: «Мен мусулмонман, алҳамдулиллаҳ. Кеча стадионда шу қичқириқлар янгради. Биламан, бу асосан рақиб жамоага қаратилган ва шахсан менга эмас. Лекин мусулмон сифатида бу мен учун ҳурматсизлик ва қабул қилинмайдиган ҳолатдир».
У барча мухлисларга мурожаат қилиб, динга боғлиқ ҳазиллар ҳақорат ва ирқчиликни юзага келтириши мумкинлигини эслатди: «Футболдан завқ олиш ва жамоани қўллаб-қувватлаш керак, одамларни уларнинг дини ёки шахсий эътиқоди учун ҳақорат қилиш керак эмас».
Шу билан бирга, Ямал барча мухлисларга ташаккур билдириб, уларнинг қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик изҳор қилди ва: «Жаҳон чемпионатида кўришгунча», деб якунлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!