“Сити” Маза учун қайта ҳаракат бошлади: "Байер" 70 миллион евро сўради

«Манчестер Сити» келаси ёзда «Байер» ярим ҳимоячиси Иброҳим Мазани сотиб олиш учун ҳаракатларини қайта бошлади. Леверкузен клуби 20 ёшли иқтидорли футболчи учун 70 миллион евро талаб қилмоқда ва аввалроқ «Атлетико»нинг 35 миллионлик таклифини рад этган. Маза ўтган мавсумдаги самарали ўйини, хусусан, «Сити»га қарши баҳсдаги ассисти билан инглиз клуби скаутларида катта таассурот қолдирган. «Шаҳарликлар» рўйхатида бошқа номзодлар бўлса-да, айнан Маза жамоанинг асосий трансфер мақсади бўлиб қолмоқда.

“Манчестер Сити” келаси ёз трансфер ойнасида ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни асосий мақсадларидан бири қилиб қўйган. Шу йўлда жамоа яна “Байер”да тўп тепаётган Иброҳим Маза номзодига қайтган.
Асли келиб чиқиши жазоирлик бўлган футболчи Германияда туғилган ва немис футбол мактабида тарбияланган. 20 ёшли ижодкор ярим ҳимоячи ўтган йил ёзида ҳам “Сити” скаутларининг эътиборига тушган эди, бироқ ўша пайтда “Байер Леверкузен” барча рақобатчиларни ортда қолдириб, уни тахминан 12 миллион евро эвазига олиб қолган.
Эндиликда “Манчестер Сити” уни қўлга киритиш учун яна ҳаракатни кучайтирмоқда. Бироқ “Байер” ўз ёш юлдузини қўйиб юбориш ниятида эмас ва музокараларни жуда қийинлаштирмоқда.
Хабарларга кўра, немис клуби Маза учун тахминан 70 миллион евро талаб қилмоқда. Илгари “Атлетико Мадрид”нинг 35 миллионлик таклифи ҳам рад этилгани бу футболчи қанчалик юқори баҳоланаётганини кўрсатади.
Маза “Байер”даги дебют мавсумида 38 учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 6 та голли узатма билан қатнашди. Унинг энг ёрқин лаҳзаси эса “Манчестер Сити”га қарши Чемпионлар лигасидаги ғалаба ўйинида берилган ассист ҳисобланади.
Футболчи ўша вазиятни эслаб, бу ўйин унинг учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган. Бу эса “Сити” қизиқишини янада оширган.
Ҳозирча инглиз клуби фақат Маза билан чекланиб қолмаяпти — Сандро Тонали, Кеннет Айхорн, Эллиот Андерсон ва Матеуш Фернандеш каби номзодлар ҳам кузатувда турибди. Аммо асосий эътибор ҳали ҳам Мазада қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…