Гвардиола Росеньорнинг истеъфосига қандай муносабат билдирди?

“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола “Челси”да Лиам Росеньорнинг ишдан бўшатилишига ўз муносабатини билдирди. Чоршанба куни Лондон клуби январдан бери жамоани бошқарган англиялик мутахассис билан ҳамкорликни тўхтатганини расман эълон қилган эди.
Лондонликлар сўнгги даврда оғир натижаларга дуч келди — жамоа охирги 8 учрашувнинг 7 тасида мағлубиятга учраган, бу эса раҳбарият қарорини тезлаштирган асосий омиллардан бири бўлди.
Гвардиола бу ҳолатни ачинарли деб баҳолаб, Росеньор юқори даражада ишлай оладиган мураббий эканига ишонч билдирди. Унинг фикрича, бундай қарорлар ҳар доим ҳам осон қабул қилинмайди.
"Бу жуда ачинарли. Мен уни юқори даражада мураббийлик қилишга қодир эканига ишонаман", - дейди Гвардиола.
Испаниялик мутахассис шу билан бирга ўзини омадли ҳис қилишини ҳам таъкидлади. У “Манчестер Сити”даги фаолиятига тўхталиб, клубни танлагани тўғри қарор бўлганини айтди.
"Ҳар сафар бундай ҳолат юз берганида, қай даражада омадли эканим ҳақида ўйлайман — «Сити»да ишлаш насиб этгани учун", - дейди Гвардиола.
Гвардиоланинг сўзларига кўра, “Сити”даги 10 йиллик фаолияти давомида у мустаҳкам структура, ишончли раҳбарият ва профессионал спорт бўлими билан ишлаш имконига эга бўлган. Бу эса жамоанинг барқарор муваффақиятини таъминлаган.
"10 йил аввал тўғри клубни танлаганман: ажойиб структура, раҳбарият ва спорт бўлими бор. Қойилмақом барқарорлик", - дейди Гвардиола.
У жамоадаги ишонч муҳити ва ҳамкорликни алоҳида қайд этиб, ўзини жуда омадли инсон деб атади. Шу билан бирга, “Челси” қабул қилган қарор унга бевосита дахлдор эмаслигини ҳам қўшимча қилди.
"Мен билан ишлаётган инсонларга бўлган ишонч жуда ажойиб. Жуда омадлиман. «Челси»нинг қарори менга дахлдор эмас", — дея испаниялик мураббийнинг сўзларини келтиради City Xtra.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!