Алиссон «Ювентус» билан шахсий шартнома борасида келишиб олди

«Ливерпуль» дарвозабони Алиссон Бекер Италиянинг «Ювентус» клуби билан шахсий шартнома борасида оғзаки келишувга эришди. Бу трансфер кутилмаган бўлди, чунки бразилиялик посбон яқиндагина инглиз клуби билан амалдаги шартномасини 2027 йилгача узайтирган эди. «Ливерпуль» раҳбарияти яқин орада футболчининг келажаги бўйича якуний қарор қабул қилади, жамоада эса унинг ўринбосари сифатида Гиорги Мамардашвили тайёр турибди. Туринликлар Алиссонни жамоани тарк этган Войцех Шенснининг ўрнига муносиб номзод сифатида кўрмоқда.
«Ливерпуль» дарвозабони Алиссон кутилмаганда ёзги трансфер ойнасида жамоасини тарк этиши мумкин. Трансферлар бўйича эксперт Маттео Моретто берган маълумотга кўра, бразилиялик посбон Италиянинг «Ювентус» клуби билан оғзаки келишувга эришган. Бу хабар кўпчилик учун кутилмаган бўлди, чунки 33 ёшли дарвозабон март ойи ўрталарида Мерсисайд клуби билан шартномасини 2027 йилга қадар узайтирган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълум қилинишича, «Ливерпуль» раҳбарияти яқин ҳафталар ичида дарвозабонлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, Алиссоннинг кетишига рухсат бериш ёки бермаслик борасида якуний қарор қабул қилади. Инсайдер Фабрисио Романо туринликлар ёзда юқори савияли дарвозабон сотиб олишни мақсад қилгани ва Алиссонни асосий номзод сифатида кўраётганини тасдиқлади. Футболчининг ўзи ҳам 2016-2018 йилларда «Рома» сафида тўп сурган Италия чемпионатига қайтишга қарши эмас.

Алиссон «Ливерпуль»га бўлган ҳурмати туфайли, аввало клубнинг келажакдаги режалари билан танишмоқчи. Тез орада томонлар ўртасида учрашув ўтказилиб, келаси мавсумда ким асосий дарвозабон бўлиши масаласи ҳал этилади. Эслатиб ўтамиз, инглиз клуби 2024 йилда грузиялик Гиорги Мамардашвилини Алиссоннинг ўринбосари сифатида сотиб олган эди. «Валенсия»даги бир йиллик ижарадан сўнг, 25 ёшли посбон ўтган ёзда жамоага келиб қўшилди.
Ҳозирда Алиссон сон қисмидаги жароҳати сабабли майдонга туша олмаяпти, шу сабабли Мамардашвили бир қатор ўйинларда ўзини кўрсатишга улгурди. Алиссон 2018 йилдан буён «Ливерпуль» сафида 332 та учрашувда қатнашиб, Чемпионлар лигаси ва Премьер-лига ғолибига айланган. «Ювентус» эса Войцех Шенсни кетганидан сўнг унинг ўрнини муносиб тўлдира оладиган дарвозабон қидирмоқда.






























Изоҳлар 0
…