Шерзод Темиров Ироқ клубида маош олишдан бош тортди

Ироқнинг «Арбил» клубида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳужумчи Шерзод Темиров жамоада юзага келган молиявий инқироз шароитида ўзига хос олижаноблик кўрсатди. Ироқлик журналистларнинг хабар беришича, клубда тўрт ойдан буён маошлар берилмаяпти. Молиявий муаммолар биринчи навбатда маҳаллий футболчиларга қаттиқ таъсир кўрсатган бўлса-да, легионер сифатида Темиров шу вақтга қадар ўз иш ҳақини ўз вақтида олиб келган.
Апрель ойи учун белгиланган навбатдаги маош тўлови вақтида ўзбекистонлик футболчи пулни олишдан бош тортди. У клуб раҳбариятига мурожаат қилиб, ажратилган маблағни биринчи навбатда бир неча ойдан бери маошсиз қолаётган маҳаллий жамоадошларига тарқатишни таклиф қилди. Темировнинг ушбу қарори ироқлик мухлислар ва спорт жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланмоқда.
Вазиятнинг ҳуқуқий томони шундаки, легионер мақомидаги футболчи маош кечиккан тақдирда ҳар доим ФИФА орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва маблағни ундириш имкониятига эга. Маҳаллий ўйинчиларда эса бундай халқаро ҳимоя механизми мавжуд эмас. Шерзод Темиров айнан шу мантиққа таяниб, жамоадошларининг ижтимоий ҳолатини яхшилашни ўз манфаатидан устун қўйди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!