"Реал Мадрид" Нико Пасни 2026 йилда жамоага қайтаришга қарор қилди

"Реал Мадрид" раҳбарияти Италиянинг "Комо" клубида тўп сураётган Нико Пасни ўртага қайтариш бўйича якуний қарорга келди. Мадридликлар аргентиналик ярим ҳимоячининг трансфер ҳуқуқини қайта сотиб олиш бандини фаоллаштириш ҳақида Италия томонини хабардор қилган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
20 ёшли футболчи 2026-27 йилги мавсум учун "Қироллик клуби"нинг биринчи расмий трансферига айланиши кутилмоқда. Гарчи шартномада белгиланган муддат 30 майгача давом этса-да, Флорентино Перец бошчилигидаги раҳбарият иқтидорли тарбияланувчини тезроқ сафига қўшиб олишни мақсад қилган.

Нико Пас А Серияда Сеск Фабрегас қўл остида ажойиб ўйин кўрсатмоқда. У жорий мавсумда барча мусобақаларда 37 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.
Бундай натижалар унинг Аргентина терма жамоасига чақирилишига ва Лионель Месси билан бирга ўйнашига сабаб бўлди.

"Реал Мадрид" ўз академияси битирувчилари устидан назоратни сақлаб қолиш стратегиясини давом эттирмоқда. Клуб Нико Пасдан ташқари "Осасуна"даги Виктор Мунйос каби бошқа ёш иқтидорлар ҳолатини ҳам диққат билан кузатиб бормоқда.
"Комо" клуби эса Паснинг кетишига тайёргарлик кўрмоқда. Италияликлар унинг ўрнини тўлдириш учун Мадриднинг бошқа ёш юлдузлари — Даниэл Янес ва Хесус Фортеа билан шартнома имзолашга қизиқиш билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!